Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида ижодий имтиҳонлар бошланди

Бугун Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг архитектура факультети биносида ижодий имтиҳонлар бошланди.

2020-2021 ўқув йили учун ижодий имтиҳонлар институтнинг дизайн таълим йўналишлари, яъни ландшафт дизайн ва интерьер дизайн йўналишлари учун бўлиб ўтади.

Имтиҳонда абитуриентлар чизмачилик фанидан деталь ва рангтасвир фанидан натюрморт расмини чизишлари керак. Чизмачилик учун 1 соат, рангтасвир учун 2 соат вақт берилади. Шунингдек, ушбу йўналишда имтиҳон топширган абитуриентлар тест синовлари топширмайди.

Абитуриентлар чизмачилик фани учун ўзлари билан чизма доскаси, қаламлар, ўчиргич, кнопка, линейка, циркул;

- рангтасвир фанидан эса қаламлар, ўчиргич, акварел краскаси, акварел кистлари, акварел палитраси олиб келишлари керак.

Қабул комиссияси томонидан имтиҳон учун махсус муҳрланган қоғозлар берилади.

Ижодий имтиҳон бўлиб ўтаётган жой тўлиқ камералаштирилган бўлиб, жараённи ота-оналар институт сайти орқали тўғридан-тўғри кузатиб боришлари мумкин. Имтиҳон 4 кун давом этади. Натижаси бир кундан сўнг маълум қилинади.

Дизайн таълим йўналишига 384 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Қабул квотаси параметрларига кўра, ушбу йўналишга 50 та квота ажратилган, шундан 15 таси грант, 35 таси контракт асосида ўқишга қабул қилинади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.