Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ходимлари Сайилтепада археологик қазишма ишларини бошлади

Сайилтепа Пайариқ туманининг "Ғаллакор" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди жойлашган. Ушбу қадимий жой Тўсинсойнинг ирмоқларидан бири бўлган Юқорисой бўйидаги икки поғонали тепалик.

Бу ер майдони 98х64 метр, пастки поғонасининг баландлиги 14 метр, юқори поғонасининг баландлиги эса 16 метрни ташкил этади.

- Бу ерда дастлабки археологик кузатув ишлар ўтган асрнинг 80-йилларида олиб борилган, - дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси тарих ва этнография бўлими мудири Санжар Абдураҳимов. - 1986 йилда мактаб ўқитувчиси П.Каримов Сайилтепадан тахминан 400 метр масофадаги мактаб ҳудудидан одам суяклари ва остадон парчалари топилганлиги тўғрисида Самарқанд археология институтига хабар берган.

Шундан сўнг бу ерда дастлабки кузатув ва рўйхатга олиш ишлари олиб борилган. Аниқланган ашёлар Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси археология фондига топширилган. Улар 100 га яқин  ашёлар, пиёла, коса, ҳар хил уй-рўзғор буюмлари, кўзалар, шиша буюмлар, сопол ҳайкалчалар, остадонлардан иборат. Уларнинг аксарияти юртимизга Ислом дини кириб келгунигача бўлган даврга тааллуқли.

Мана шу ашёларни тўлиқ тадқиқ этиш мақсадида Сайилтепада археологик қазишма ишларини бошладик. Биринчи куниёқ ҳайвон суяклари, ҳар хил даврга оид сопол буюмлардан иборат топилмаларни аниқладик.

Қазишма ишлари шу йилнинг охирига қадар давом этади.