СамДТУда урологиянинг долзарб масалалари муҳокама қилинди

Самарқанд давлат тиббиёт университетида “Урологиянинг долзарб масалалари: назария ва амалиёт бирлиги” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Халқаро анжуманда Туркия, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Беларусь, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон тиббиёт олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари ва тиббиёт марказлари урологлари иштирок этди.

Конференциянинг очилиш маросимида Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Aмрилло Иноятов, университет ректори Жасур Ризаев, республика Урологлар илмий жамияти раиси Фарҳод Aкилов, Курск давлат тиббиёт университети ректори Виктор Лазаренко ва бошқалар сўзга чиқиб, анжуманни олийгоҳлар ўртасидаги ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликдаги аҳамияти ҳақида тўхталди.

Халқаро конференциянинг асосий қисми 7 та ялпи мажлисда давом эттирилди. Унда республикамиз ва хориждаги 27 та тиббиёт олий ўқув юртлари ва тиббиёт муассасаларидан жами 80 дан ортиқ уролог-амалиётчи ва ёш олимларнинг “Эндоурология: уролитиаз ва простата безининг хавфсиз гиперплазиясини даволашдаги инновациялар”, “Лапароскопик урология: Ўзбекистон урологларининг ютуқлари ва хорижий тажриба” йўналишлари бўйича маърузалар тингланди.

Халқаро илмий-амалий конференциядан қилинадиган хулосалар урология фанини ривожлантириш, янги билимларни кундалик амалий ишларга тадбиқ этиш, иқтидорли ёш олимларни илмий-тадқиқот ишларига жалб этиш ҳамда тиббиёт олий ўқув юртлари ва олий ўқув юртидан кейинги таълим муассасаларида урология фанини ўқитиш сифатини янада оширишга хизмат қилади.

Одилбек АҲМЕДОВ.