Самарқанд китобхонлари синовдан ўтади

18 октябрь — Самарқанд шаҳри куни муносабати билан шаҳар ҳокимлиги ҳамда Маънавият ва маърифат кенгаши ташаббуси билан “Самарқанд китобхонлари” номли танлов ўтказилади.

Танловнинг асосий мақсади ёш авлод онгида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга содиқлик туйғусини шакллантириш ва китобхонлик маданиятини тарғиб этишдан иборат.

Мазкур танловда шаҳар тарихи, улуғ аллома ва мутафаккирларимизнинг ҳаёт йўли, уларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси ҳамда бизга қолдирган бой мероси ҳақида билимга эга бўлган ёшлар иштирок этиши мумкин.

Танловда шаҳардаги корхона, ташкилотлар ва таълим муассасаларида ишлаётган ёки ўқиётган, шунингдек, ўқиш ёки иш билан банд бўлмаган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар қатнашиши мумкин.

 Танловда иштирок этиш учун қуйидаги адабиётларни ўқиб-ўрганиш талаб этилади:

  1. “Темур тузуклари” — Соҳибқирон Амир Темур
  2. “Бобурнома” — Заҳириддин Муҳаммад Бобур
  3. “Она лочин видоси” — Пиримқул Қодиров
  4. “Жайҳун устида булутлар” — Миркарим Осим
  5. “Улуғбек хазинаси” — Одил Ёқубов
  6. “Шажарайи турк” — Абулғози Баҳодирхон
  7. “Кўҳна дунё” — Одил Ёқубов
  8. “Юлдузли тунлар” — Пиримқул Қодиров
  9. “Авлодлар довони” — Пиримқул Қодиров
  10. “Навоий” — Ойбек

Танлов босқичлари

 Дастлабки босқич

  • Аризалар маҳалла, корхона, ташкилот ва таълим муассасалари орқали қабул қилинади. Иштирокчилар белгиланган адабиётлар асосида тест синовлари орқали сараланади.
  • Баъзи ташкилот ва муассасалар танловни ўз тузилмаларига мувофиқ бир неча босқичда ташкил этиши мумкин. Уларга мустақил равишда қарор қабул қилиш ва шартларга ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.

Тест синови шарти:

  • Иштирокчилар Самарқанд тарихи ва юқоридаги адабиётлар асосида тайёрланган 25 та тест саволига жавоб беради.
  • Ҳар бир тўғри жавоб учун 4 балл берилади.

Сўнгги босқич

  • Танловнинг шаҳар босқичи октябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида ўтказилади.

“Тезкор савол-жавоб” шарти:

  • Иштирокчиларга экспертлар комиссияси томонидан тавсия этилган адабиётлардан 10 та савол берилади ва жавоб беришда тезкорлик талаб этилади.
  • Ҳакамлар ҳайъати томонидан жавобларга аниқлик киритиш мақсадида қўшимча саволлар берилиши мумкин.

Муҳим маълумотлар

  • Ўқийдиган иштирокчилар аризаларни таълим муассасалари орқали,
  • Ишлайдиганлар — корхона ва ташкилотлардаги ташкилий қўмита орқали,
  • Уюшмаган ёшлар — маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали тақдим этадилар.

Шаҳардаги бошқарма, корхона, ташкилот ва таълим муассасалари томонидан саралаб олинган иштирокчиларнинг шаҳар босқичида қатнашиши учун онлайн тарзда, (@manaviyatmarifat24 телеграм канали орқали) тегишли баённомани илова қилган ҳолда талабнома юборади.

Ғолибларни мукофотлаш

  • 1-ўрин — I даражали диплом, 10 миллион сўм
  • 2-ўрин — II даражали диплом, 6 миллион сўм
  • 3-ўрин — III даражали диплом, 4 миллион сўм

Ғолиблар Самарқанд шаҳар ҳокими ва Маънавият ва маърифат кенгаши раиси томонидан тақдирланади.