Самарқанд олий таълим муассасалари матбуот котибларига ўқув-семинар уюштирилди

Олий таълим муассасаларида таълим тизимида рўй бераётган ислоҳотлар, янгиликлар ниҳоятда кўп. Аммо биз уларнинг қанчасидан хабардормиз?

Бугун вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган “Таълим тизими ахборот хизматлари раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги ўқув-семинарда шу ҳақда сўз юритилди.

Тадбирга вилоятимиздаги олий таълим муассасаларининг ахборот хизмати вакиллари жалб этилди.

- Вилоятимиздаги олий таълим муассасаларининг ижтимоий тармоқларда саҳифалари бор. Бироқ ушбу сайтларда керакли ахборотлар бериб борилаяптими, деган саволга жавоб топишимиз керак, - деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими бошқаруви раиси Фармон Тошев. – Матбуот котибининг қандай ишлаётгани у тайёрлаётган ахборотлар билан баҳоланади. Матн долзарб мавзуда, қизиқарли ёритилса, у ўз ўқувчисини топади.

Тадбирда матбуот котибларига қўйилаётган вазифалар ўзини қанчалик оқлаётгани ва эътибордан четда қолаётган масалалар муҳокама этилди. Шунингдек, Самарқанд вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бош мутахассиси Роҳила Очилова, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бўлим бошлиғи Гулруҳ Мўминова матбуот котибларининг вазифалари ҳақида батафсил маълумот берди.

Матбуот котиблари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Х.ЭРНАЗАРОВА.