Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонаси ходимларининг эътирозлари ўз исботини топмади

Жорий йилнинг 28 октябрь куни Facebook ижтимоий тармоғи орқали тарқатилган “Самарқанд шаҳар “Электросеть” раҳбарининг ходимлардан қасди бор(ми?)” номли мақола юзасидан “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти қуйидагиларни маълум қилади.

Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Самарқанд шаҳрида замонавий электр ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда.

Ушбу замонавий электр ҳисоблагичларнинг тўлиқ ўрнатилишини таъминлаш мақсадида “Самарқанд ҲЭТК” АЖнинг 2019 йил 18 октябрдаги № 715-сонли буйруғига асосан ходимларнинг иш соатлари 12:00 дан 20:00 гача белгиланган бўлиб, туманлардан жалб қилинган ишчи-ходимларга белгиланган тартибда қўшимча иш ҳақи бериб борилмоқда.

Бундан ташқари, шаҳар аҳолисининг асосий қисми кечки пайт хонадонида бўлишини инобатга олган ҳолда ҳамда ходимларнинг ихтиёрий билдиргисига мувофиқ кечки иш тартиби ўрнатилган. Ҳозирги кунда Самарқанд шаҳрида мавжуд 145 минг истеъмолчидан 134 мингтасига замонавий ҳисоблагичлар (АСКУЭ) ўрнатилган (кунлик ўртача 600-700 дона ҳисоблагичлар) ўрнатилиб келинмоқда.

Шунга кўра, ҳисоблагичларни ўрнатишнинг имконияти сезиларли даражада камайиб боришини ҳисобга олиб, кечки иш тартиби 12:00 дан 20:00 га қадар белгиланганлигини маълум қиламиз.

“Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ахборот хизмати.