Самарқанд шаҳри аҳолиси томонидан билдирилган мурожаатларнинг бирортаси эътибордан четда қолмаяпти

Бугунги кунда Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идоралари учун эмас, давлат идоралари халқимиз учун хизмат қилиши керак”, деган ғоя ҳаётимиз мазмунига айланиб улгурди. Шу боис одамларнинг давлат идораларига дардини бемалол айтиши, идоралар раҳбарлари билан юзма-юз гаплашиши, муаммоларига қисқа вақт ичида ечим топиши учун қулай имконият яратилмоқда.

Бу борада Президентнинг жойлардаги Халқ қабулхонаси одамлар ва давлат идоралари ўртасида ишончли кўприк вазифасини ўтамоқда. Жорий йилнинг 10 ойи давомида Самарқанд шаҳар Халқ қабулхонасига 1387 та мурожаат келиб тушганлигининг ўзи бунинг ёрқин мисолидир.

Маълумот учун айтиш мумкинки, мурожаатларнинг 558 таси қаноатлантирилган. Шунингдек, 671 та мурожаат бўйича тушунтириш берилган, айни пайтда 158 та ариза ва шикоят кўриб чиқилмоқда.

Таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг аксарияти уй-жой билан таъминлаш, коммунал тўловлар, ички ишлар ҳамда прокуратура органлари фаолияти, мажбурий ижро бюроси, газ, электр энергияси ва сув таъминотида юзага келаётган муаммоларга оид. Мутассадилар уларнинг ўз вақтида ҳал этилиши бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқишган.

Муҳими, Халқ қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатларнинг бирортаси ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Кўрсатилаётган хизматларнинг шаффофлиги, сифати ва тезкорлиги боис, бугун фуқароларимиз ортиқча вақт ва маблағ сарфламасдан, муаммоларига ечим топмоқда.

Мисол учун, Тойлоқ туманида яшовчи фуқаро С.Субхоновнинг мурожаати асосида “Ёшлар - келажагимиз” жамғармасидан имтиёзли кредит ажратилган.

Ургут туманида яшовчи фуқаро Х.Тўйчиевнинг “Грант Хавс” масъулияти чекланган жамиятидаги меҳнат фаолияти учун ололмаётган иш ҳақи Халқ қабулхонаси мутахассисларининг аралашуви билан ундириб берилган.

Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро О.Муренко томонидан 2019 йил 20 сентябрь куни электр энергиясидан нореал қарздорлик тўғрисида мурожаат қилган. Ушбу мурожаат Самарқанд шаҳар прокуратурасига кўриб чиқиш учун юборилиб, қайта ҳисоб-китоб даврида фуқарода 35 минг 695 сўм ҳақдорлик борлиги аниқланди.

Халқ қабулхонаси томонидан секторлар раҳбарлари иштирокида жойларда ташкил этилган сайёр қабуллар жараёнида 1650 та мурожаат рўйхатга олинган. Аҳамиятлиси, уларнинг 441 таси жойида ҳал этилиб, 717 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 658 та мурожаат мутассади ташкилотлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Б.РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд шаҳридаги Халқ қабулхонаси мутахассиси.