Самарқанд шаҳрида 300 минг туп манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилади

2022 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитига тайёргарлик кўриш мақсадида жорий йилда Самарқанд шаҳрининг асосий туризм йўналишлари бўйича 300 минг тупга яқин турли манзарали дарахт ва бута кўчатларини ўтқазиш режалаштирилган.

Айни кунда архитектура ва ландшафт-дизайни талаблари асосида Самарқанд шаҳрига кўрк берувчи манзарали дарахт ва бута кўчатлари экиш ишлари бошланиб кетди.

Вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган иш режага мувофиқ, туризм йўналишларидан бири бўлган Самарқанд халқаро аэропортидан Ибн Сино, Бўстонсарой кўчалари ҳамда Университет хиёбони бўйлаб 1945 дона манзарали дарахт, 46,5 минг дона буталар экилади. 5-йўналиш - Шоҳи Зинда мақбарасидан Уста Умар Жўрақулов кўчаси орқали М-39 автомагистралигача бўлган 9,5 километр масофали йўлнинг икки тарафига 35 мингдан ортиқ дарахт ва буталар ўтқазилди.  

Айни кунларда «Самарқандйўлкўкалам» унитар корхонаси ишчи-хизматчилари шаҳардан ташқари Оқдарё, Пайариқ ҳамда Самарқанд туманлари ҳудудидан ўтувчи туризм йўналишларига кўчат экиш учун ер тайёрламоқда. Улар умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ёқаларига 13,5 мингдан ортиқ қарағай, можжевельник, Япон сафораси, катальпа, клён, ясень, тут каби 20 турдаги манзарали дарахт ва буталар ҳамда 100 мингдан зиёд гул кўчатлари экади.

Дилмурод Тўхтаев.