Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳрида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази янги бинога кўчди

Самарқанд шаҳридаги Рўдакий кўчасида янги бекат пайдо бўлганига кўпчилик эътибор берганми йўқми, аммо унинг ёнгинасида иккита замонавий бино қисқа фурсатда қад ростлаганига кўзимиз тушгандир. Ҳали бинога кирмасимизданоқ, бу маскан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, имконияти чекланган инсонлар мурожаат этадиган марказ эканлиги инфраструктурадан ҳам билинди.

Рўдакий кўчаси, 174-уй манзилида жойлашган марказ ёнгинасида “Инсон” бекати ташкил этилган. Кўчадан бошлаб, кўзи ожиз инсонлар ҳаракатланиши учун тактил плиткалар терилган бўлса, аравачада ҳаракатланадагина инсонлар учун махсус пандуслар қурилган. Бинонинг ички қисмида ҳам худди шундай.

Мазкур марказ фаолияти билан аҳолини таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс тур уюштирилди.

- Нафақат ҳаракатланиш, балки хизмат кўрсатишда ҳам худди шундай қатор қулайликлар эътиборга олинди, - дея гапириб беради Самарқанд шаҳридаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази раҳбари ўринбосари Бахтиёр Исмоилов. – Мурожаат қилиб келган аҳолининг қайси бўлимга боришидан бошлаб, уни қийнаётган масала бинога киришданоқ фаолият кўрсатадиган ходимлар томонидан йўналтирилади. Марказимизнинг ўзида бугунги кунда аҳолининг 12 тоифа вакилларига 23 турдаги ёрдам ва хизматлар кўрсатилади. Илгари бу хизматлар турли ташкилотларнинг баъзи бўлимлари томонидан амалга оширилган. Яъни марказимиз 15 та турли доирадаги ташкилот ёки унинг бўлимлари функсиясини бир жойда жамлаш имконига эга бўлди. “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг ташкил этилиши зарур кўмакка муҳтож аҳолининг битта бинода ишини ҳал қилиш имконига эгалиги, қолаверса, мазкур хизматлар янада соддалаштирилгани, хизматчилар ўз вазифасини амалга оширишда эса илгаригидан кўра замонавий, такомиллашган восита, дастурлардан фойдалангани билан муҳим аҳамиятга эга.

Марказ мурожаат этувчи аҳоли билан ишлайди, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли рўйхатини ўзи тузади ва уларга зарур ёрдамлар билан ҳам шуғулланади. Бунинг учун бугун маҳаллаларда ижтимоий ходим иш бошлаган. Самарқанд шаҳрида 215 маҳалла бўлса, уларда 64 нафар ижтимоий ходимлар фаолият кўрсата бошлади. Улар аҳолининг маълум контингенти билан ишлаб, уларнинг рўйхатини тузади, уларга кўрсатилаётган хизмат сифатини назорат қилади.

Марказни айланарканмиз, унда ижтимоий хизматнинг қарийб барча шакллари айнан шу ерда жамланганига гувоҳ бўлдик. Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш, маҳаллада ижтимоий хизматни ташкил этиш, катта ёшдаги ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилалар билан ишлаш бўлими ва ҳоказо.

- Ҳозирда Самарқанд шаҳрида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ялғиз яшовчи ёки ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахслар сони 324 нафарни ташкил этади, - дейди марказнинг катта ёшдаги ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилалар билан ишлаш бўлими раҳбари Акбар Каримов. – Уларнинг 118 нафари ёлғиз кексалар ҳисобланса, 206 нафари ёлғиз яшовчилардир. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ёлғиз кексалар билан ёлғиз яшовчилар кўрсатиладиган хизматлар турличадир. Ушбу фуқароларга 33 нафар тизим ижтимоий ассистентлар томонидан озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларини, зарур саноат маҳсулотларини ва дори-дармонларни сотиб олиш ва уйига етказиб бериш, овқатлар тайёрлаш, уйни йиғиштириш-тозалаш, гигиена ишларида кўмаклашиш, ижтимоий ва маиший хизматлар кўрсатиш, ҳужжатларини қайта тиклашда кўмаклашиш каби хизматларни амалга ошириб, кунлик ҳисоботларни киритиб боришмоқда. Улар доимий равишда тўлиқ тиббий диспансер кўригидан ўтказиб келинади. 10 нафари санаторий оромгоҳларига бепул юборилиб, соғломлаштирилди.

Тизимни ишини янада яхшилаш мақсадида марказ ходимлари томонидан қирққа яқин таклифлар билдирилган бўлиб, бугун улар кўриб чиқилмоқда.

Гулруҳ МЎМИНОВА.