Самарқанд шаҳрида май ойида бошланган "дом" таъмири қишда ҳам битмади, одамлар норози бўлмоқда
Таҳририятимизга Самарқанд шаҳри, Амир Темур кўчаси, 97-кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи фуқаро Дина Шарипова мурожаат қилиб, ўзи яшайдиган кўп қаватли уйнинг май ойида бошланган қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳали ҳам тугамаётганидан шикоят қилган эди. Шунингдек, бу ишларининг сифатига ҳам эътироз билдирмоқда.
Мазкур уй таъмири вилоят инжиниринг компанияси буюртмасига асосан «Оқдарё Ҳусниддин савдо» хусусий корхонаси томонидан амалга оширилмоқда. Кўрсатилган манзилга бориб, ҳолат билан яқиндан танишдик.
Кўп квартирали уйларни бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш дастури бўйича жорий йил апрель-май ойларидан бошлаб 59,2 миллиард сўм маблағ эвазига А.Темур кўчасида 5 та, Рудакий кўчасида 11 та, Гагарин кўчасида 39 та, Буюк Ипак Йўли кўчасида 14 та, шунингдек, Боғдод, Навоийшох, Беруний, Ибн Сино каби кўчаларда жами 105 та таъмирга муҳтож кўп қаватли уйларда мукаммал таъмирлаш ишлари бошланган эди.
Мурожаатда кўрсатилган Амир Темур кўчасидаги 97-уй дастурдаги ана шу уйларнинг бири. Бироқ мана орадан 9 ой ўтибдики мазкур уйнинг таъмирлаш ишлари якунига етказилмай қолган. Бу ерда мурожаатчиларнинг фикрларига қўшилмасдан иложимиз йўқ.
Дарҳақиқат, «Оқдарё Ҳусниддин савдо қурилиш корхонасининг қурувчилари ўз вазифаларига маъсулият билан ёндошмагани кўриниб турибди.
Уйда яшовчиларнинг таъкидлашича, мазкур бинонинг 80 фоиз таъмирлаш ишлари кечикиб кетяпти. Том чала ёпилган, канализация ишлари охирига етказилмаган. Деворларнинг таъмирлаш, бўяш ишлари чала қолган. Ҳали таъмирлаш ишлари олиб борилаётган сабабли уйнинг атрофида қурилиш чиқиндилари уйилиб қолган.
Қурилиш ишлари олиб борилган бинода электр энергияси кабеллари ва симлари ўргамчак уясидек тарвақайлаб осилиб ётибди. Новлар ўз жойига ўрнатилмаган.
Нима бўлганда ҳам Меъмор қурилиш лойиҳа МЧЖ мутахассислари томонидан лойиҳада айрим хато ва камчиликлар туфайли бутун бошли уйдаги камчиликлар яққол кўриниб колди.
Ажратилган маблағлар сарфлаб бўлинган, қолаверса, айрим ишлар учун қайтадан пул сарфлаб амалга оширилган. Энди яна маблағ топиш осон эмас. Қолган ишга қор ёғар деб бекорга айтишмайди. Буни ким хал қилиш масаласини эса мутасаддиларга ҳавола қиламиз.
Дилмурод ТЎХТАЕВ, Бахтиёр Мустанов Zarnews учун махсус.