Самарқанд шаҳридаги “Дўстлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи” биноси фойдаланишга топширилди

Мазкур бинода вилоятимизда фаолият юритаётган 11 та миллий маданий марказлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари учун барча шароитлар яратилган. Бунинг учун 5 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Бинода турли миллат ва элат вакилларининг миллий тадбирларини ташкил этиш учун ҳам шароит яратилган. Маданий марказлар ва ННТ ходимлари учун автобус ҳам берилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Олий Мажлис ҳузуридаги парламент комиссияси раиси Адҳам Шодмонов, Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори Отабек Ҳусанов, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаш раиси Камолиддин Ишонхўжаев, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг ўринбосарлари Азамат Тошев ва Валерий Тян иштирок этди.