Самарқанд шаҳридаги сайёр судда 16 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди, етти киши автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг навбатдаги сайёр суд мажлиси Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ЙҲХБ биносида бўлиб ўтди.
ЖИБ Самарқанд шаҳар судининг судьяси З.Аҳмедова томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 131-моддаси 1-қисми (Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш), 133-моддаси (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши) ва 194-моддаси 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан боғлиқ жами 16 та шахсга нисбатан 16 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 131-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилган жами етти нафар шахсга нисбатан еттита маъмурий иш кўриб чиқилиб, барча ҳуқуқбузарлар транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан бир йил олти ой муддатга маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари, яъни, 8 млн. 250 минг сўмдан жарима жазолари тайинланди.

Шунингдек, МЖтКнинг 133-моддаси билан икки нафар шахсга нисбатан иккита маъмурий иш томонларнинг ўзаро ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилинди, ҳамда тўрт кишига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар, жабрланувчиларнинг даъвоси мавжудлиги ҳамда етказилган моддий зарарлар ҳуқуқбузарлар томонидан қопланмаганлиги сабабли ҳуқуқбузарларга нисбатан жарима жазолари тайинланиб, жабрланувчиларга етказилган моддий зарарлар ундириш белгиланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 194-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилган жами уч нафар шахсга нисбатан учта маъмурий иш кўриб чиқилиб, барча ҳуқуқбузарлар кодексда белгиланган жарима жазоларига тортилди.

Ориф Пардаев,
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг раиси.