Самарқанд совқотиб уйғонди

Ҳа, бугун 23 январь тонгини аксар самарқандликлар совқотиб, жунжикиб қарши олди. Гарчи бундан бир неча кун аввал мамлакатимизда ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетиши ҳақида огоҳлантириш берилган бўлсада, таъминот бўлмагач, наилож?!

Қизиғи, электр ва газ тармоғи ходимлари эса одамларни ўз ташвишларингизни бир амаллаб кўриб қўйинг, деган маънода, электр тармоғида узилишлар бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Хўп, қишлоқда, ҳовлиларда яшаётганлар кўмир ва ўтин билан уйни иситиш чорасини кўришди. Лекин кўп қаватли уйда яшаётганларчи? Улар нима қилиши керак?

Бундан бир неча йил аввал Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан аҳоли учун "Самарқанд коммунал"  номли телеграм гуруҳи ташкил этилган бўлиб, унда айнан мана шу хизматлар бўйича мурожаатларга тезкор жавоб берилиши йўлга қўйилган эди. 22 январдан 23 январга ўтар кечаси бу каналдаги мурожаатлар ҳар қачонгидан кўпайди:

*Сартепада свет йўқ!

*Фаровонлик маҳалласида газнинг ҳиди ҳам йўқ, нима қилайлик?

*Суғдиёна маскани, чироғимиз қачон ёнади, ёш болаларимиз бор, ахир?!

* Кимёгарлар қўрғониданмиз, 5 соат бўлди свет ёнмайдими?

Бу мурожаатларга ўз вақтида жавоб ҳам берилди, аммо жавобларнинг ҳаммаси ҳам мурожаатчиларни қаноатлантирадиган даражада эмас эди:

*Электр тизимида авария ҳолати содир бўлган, бригада ишлаяпти.

*Бригада сизлар томонга кетди, ҳозир ёниб қолади.

*Газни мувофиқлаштиришга ҳаракат қилаяпмиз...

Хуллас, шу каби савол жавоблар кечаси билан тинмади.

Орада "светимиз ёнди, барака топинглар" деган миннатдорлик сўзлари ҳам билдирилди. Демак, бригадалар ростдан тиним билмай ишлади. Бу гуруҳга қўйилаётган суратлардан ҳам маълум эди. Ярим кечаси ҳам электр тизими ходимлари жиддий талафотларни бартараф этиш билан банд бўлди. Фақат бу бригадалар сони чеклаган шекилли, шаҳарнинг у бурчагидан бу бурчагига бориш, совуқ ҳавода ишлаш осон кечмагани аниқ. Улар совуқда ишлаяпти, лекин бошқа жойда кимдир уйида, ёш болалари билан  совқотиб ўтирди. Вақтида мавсумга етарли тайёргарлик кўрмаган ёки қоғозда “ҳаммаси бажарилди” деб ёзган масъуллар ҳам уйида жимгина ўтиргани ҳам аниқ.

Аммо газ масаласида ижобий фикрни кузатмадик.

Кўпчилик дардини шу гуруҳга айтиб олиш билан ҳам исинди, назаримда.

Хуллас, қишга тайёргарлик кўрадиган бу тизим ҳар сафаргидай бу гал ҳам битта қаттиқ совуққа дош бермади. Жабрини эса кечаси билан совуқда тармоқни тузатишга югурган оддий электр ходимлари, аҳоли тортди.

Ҳатто, сув таъминоти ходимлари ҳам мана шу совуқда сув кечиб, ёрилган қувурларни созлаётганига гувоҳ бўлдик ижтимоий тармоқлар орқали.

Қизиқ, нега коммунал тизимимиз биргина совуққа дош беролмайди?

Ҳар бир ишлаб чиқарувчи ёки даромад топувчидан солиқ ундириш режалари ҳар куни режа қилиниб, муҳокама этилади. Лекин нега ҳар бир хонадонни узлуксиз электр токи ва табиий газ билан таъминлаш масаласи бу қадар жиддий кўрилмайди?

Кеча эрталаб йўллардаги музламалар ҳақида ижтимоий тармоқларда фикрлар кўпайиб кетгач, вилоят ҳокими Самарқанд шаҳри ва шаҳар атрофидаги магистралларни тозалаш ҳолатини масъуллар билан бирга бориб ўрганди, зарур чора-тадбирлар белгиланди. Ва кечга бориб йўллар анча тартибга келиб, музламалардан тозаланди.

Нима, газ ва электр таъминоти масаласида ҳам вилоят биринчи раҳбарининг ўзи жойларга чиқиб вазиятни ўрганиши керакмиди? Вилоят ҳокимининг шу соҳага масъул ўринбосари, электр ва газ таъминоти корхоналари раҳбарлари-чи? Улар нима иш қилади?

Гулруҳ Мўминова.