Самарқанд: спорт хабарлари

Турон якка кураши

Тойлоқ  олимпия захиралари коллежида спортнинг Турон якка кураш тури бўйича 2008 йилда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.

Мусобақада республикамизнинг барча вилоятлардан 500 га яқин спортчи қатнашди. Қизғин кечган баҳс якунида Тошкент шаҳри спортчилари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Тошкент вилояти иккинчи, Фарғона вилояти ҳамда самарқандлик спортчилар учинчи ўринни қўлга киритди.

***

Йога

Регистон майдонида “Халқаро йога куни” муносабати билан фестиваль ташкил этилди.

Ўзбекистон йога федерацияси ташаббуси билан ўтказилган фестивалда 100 нафарга яқин спортчи ва ҳаваскорларга тажрибали мутахассислар томонидан машғулот олиб борилди. Тадбир давомида кейинги пайтда мазкур спорт тури юртимизнинг барча ҳудудида анча ривожланиб, у билан шуғулланувчилар сони ошаётгани таъкидланди.

***

Волейбол

Самарқанд шаҳрида волейбол бўйича эркаклар ўртасида олий лига жамоаларининг учинчи тур ўйинлари бўлиб ўтди.

Унда меҳмон Жиззах давлат педагогика институти, Нукус давлат педагогика институти, Навоий вилоятининг “Суғдиёна” ҳамда вилоятимизнинг “Ўзбектелеком” жамоалари ўзаро куч синашди.

Муросасиз кечган баҳс якунига кўра, Самарқанднинг “Ўзбектелеком” жамоаси юқори очко билан кейинги турга йўл олиб, “Б” гуруҳида пешқадам бўлди.

***

Мини футбол

Самарқанд шаҳар 2-сон болалар-ўсмирлар спорт мактаби июнь ойи “Мини футбол ойлиги” тадбирининг вилоят финал босқичи ўтказилди.

“Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида бўлиб ўтган футбол мусобақасида шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган 18-30 ёшдаги уюшмаган ёшлардан ташкил топган 16 та жамоа майдонда тўп сурди.

Муросасиз кечган баҳс якунига кўра, иштихонликлар 6:5 ҳисобида ургутликлар устидан ғалабага эришди.  Учинчи ўрин Самарқанд шаҳар ёшларига насиб этди.

Маълумот ўрнида: ойлик давомида вилоят бўйича 607 та маҳаллада мини футбол спорт мусобақалари ўтказилиб, 10 минг нафардан ортиқ ёшлар жалб этилди.

***

У-шу

Ургут туманида спортнинг у-шу тури бўйича вилоят чемпионати ўтказилди.

Унда барча шаҳар ва тумандан 130 нафар спортчи ғолиблик учун ўз маҳоратларини намойиш этди.

Беллашув якунида Самарқанд шаҳридан борган у-шучилар барча рақибларидан устун эканликларини кўрсатди. Иккинчи ўринни ургутликлар эгаллаган бўлса, учинчи ўрин жомбойлик спортчиларга насиб этди.

***

Баскетбол

Тошкент шаҳрида баскетбол бўйича 2009-2010 йилларда туғилган болалар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.

Унда вилоятимиз шарафини ҳимоя қилган мураббий Сардор Гадоев бошчилигидаги баскетболчиларимиз ҳам муносиб иштирок этиб, учинчи ўринни қўлга киритди ва бронза медали билан тақдирланди.

Ҳусан Элтоев.