Самарқанд спортида қандай қонунбузилиш ҳолатлари бор? "Париж-2024" Олимпия ўйинларига вилоятдан неча нафар спортчи боради?

Вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев, соҳа масъуллари ҳамда спорт мактаблари директорлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида бош саволлар ана шундай бўлди.

Дастлаб спорт соҳасида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълум берилди. Таъкидланишича, спорт соҳасида қонунбузилиш ҳолатлари ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш учун вазирлик тизимида алоқа каналлари ҳамда ишонч телефонлари ишламоқда. Шунингдек, тизимда юзага келиши мумкин бўлган коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш, ортиқча оворагарчиликка барҳам бериш мақсадида соҳадаги 24 та йўналишни қамраб олган “ЕRP-Sport” ягона электрон бошқарув тизими ишга туширилган.

- Коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини шакллантириш учун бошқармамизда коррупцияга қарши курашиш жамоатчилик тузилмаси иш олиб боряпти, - дейди Ш.Рўзиев. – Аммо шунга қарамай, кейинги пайтда соҳада маъмурий кадрларни танлаш, иш ҳақларини ҳисоблаш ва тўлаш, спорт таълим муассасаларига ўқувчиларни қабул қилиш, спорт муассасаларининг моддий-техник таъминоти, тренер-ўқитувчиларга малака тоифаси ҳамда спорт паспортини бериш билан боғлиқ қонунбузилишлар учрамоқда. Хусусан, яқинда Тойлоқ, Пайариқ ва Нарпай туманларидаги спорт муассасаларида шу каби ҳолатлар кузатилган бўлса, республика ишчи гуруҳининг ўрганиши натижасида Қўшработ, Нуробод ва вилоятнинг яна бир қанча туманларида “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларини ташкил қилиш,  аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражаси спорт синовларини олиш ҳамда селекция ишлари билан боғлиқ муаммо ва камчиликлар аниқланди. Камчиликларни бартараф қилиш ва ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга топшириқлар берилган.

Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражаси синовдан ўтказилмоқда

Президентимиз жорий йилнинг 21 февралида имзолаган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида беш йўналишда “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари ўтказилмоқда.

Матбуот анжуманида вилоятда ҳам жорий йилнинг март-апрель ойларида 7 ёшдан 17 ёшгача, апрель-май ойларида 18 ёшдан 29 ёшгача, августь-сентябрь ойларида 30 ёшдан 49 ёшгача, октябрь-ноябрь ойларида 50 ва ундан катта ёшдаги шахслардан ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлардан жисмоний тайёргарлик даражаси спорт синовлари қабул қилинаётганлиги маълум қилинди.

- Айни пайтда вилоятдаги 1264 та умумтаълим мактабида таҳсил олаётган 781 мингдан зиёд ўқувчидан спорт синовлари олинмоқда, - дейди вилоят спорт бошқармаси бўлим бошлиғи А.Шамсиев. - Иштирокчилар узоқ ва қисқа масофага югуриш, юриш, баскетбол саватчасига тўп киритиш, узун ва қисқа масофага сакраш, граната улоқтириш шартларида ўзини кўрсатяпти. Машқларни бажариш даражасига қараб иштирокчиларга балл қўйиб борилмоқда ва юқори натижани қўлга киритган ўқувчилар жорий йилнинг май ойида Спорт вазирлигининг эсдалик совғалари билан тақдирланади ва турли имтиёзларга эга бўлади.

 "Париж-2024" Олимпия ўйинларига Самарқанддан 16 нафар спортчи бориши кутилмоқда

Вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиевнинг маълум қилишича, жорий йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларига 12 нафар, XVII Паралимпия ўйинларига 4 нафар спортчининг лицензия олиши режалаштирилган. Ҳозирга қадар Олимпия ўйинларига бадиий гимнастика бўйича Тахмина Икромова, юнон-рум курашидан Ислом Баҳромов, бокс бўйича Нигина Ўктамова ҳамда Паралимпия ўйинларига пара енгил атлетика бўйича Ҳусниддин Норбеков, Кубаро Ҳакимова ва Урганчбек Эгамназаров лицензияни қўлга киритган.

621 мингдан зиёд ёшлар “Беш ташаббус олимпиадаси”да қатнашяпти

Тадбир якунида жорий йил вилоятда 796 та маҳаллий, республика ва халқаро спорт тадбири ва мусобақаларини ўтказиш белгилангани, шунингдек, оммавий спорт тадбирлари сонини 1722 тага ошириш орқали 1 миллион 159 минг нафарга яқин аҳолини спорт тадбирларига қамраб олиш режалаштирилгани айтилди. Айни пайтда “Беш ташаббус олимпиадаси” оммавий спорт мусобақаларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган 621 минг 461 нафар ёшлар ўртасида волейбол, кураш, гимнастрада, футбол ва мини футбол, армрестлинг, стол тенниси, енгил атлетика, воркоут, стритбол, шахмат-шашка мусобақалари давом этаётгани маълум қилинди.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.