Самарқанд театрида «Қирол Лир» асари саҳналаштирилди

Вилоят мусиқали драма театрида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон давлат академик рус драма театри бош режиссёри Валихон Умаров томонидан саҳналаштирилган Вильям Шекспирнинг “Қирол Лир” асари спектакли театршунос мутахассислар ва жамоатчилик вакиллари муҳокамасига қўйилди.

Либослар бўйича рассом Мария Сошинанинг ўша давр руҳиятини акс эттирувчи эскизлари асосида тайёрланган саҳна либослари, асардаги образларни ижро этган актёрлар маҳорати томошабиннинг қирол Лир фожеасини қалбан ҳис қилишга ундайди.

Асарда жамиятдаги муаммолар, ота ва болалар ўртасидаги тахт учун кураш, давр ижтимоий-сиёсий воқеалари жаҳон адабиётининг буюк намояндаси Шекспир томонидан очиб берилган. Кўпни кўрган ва ўз куч-қудратига ишонган, тажрибали қирол Лир кексайган чоғида мамлакат сарҳадларини уч қизига тақсимлаб бериб, ўзи “давлат ташвишларидан холи” яшашни ният қилади. Иззатталаб ҳукмдор аввалига қизларининг ўзига бўлган садоқатини билиш ниятида улардан қайси бири кекса отани кўпроқ яхши кўришини сўрайди. Икки қизи Гонериля ва Регана қирол отасини ҳаддан ортиқ севишини баён қилади. Кенжатой қиз Корделия эса отасига опаларидан ортиқ бирон гап айтолмаслигини, уни фақат бир фарзанд тарзида ҳурмат қилишини айтади. Мақтовларга мойил кекса қирол давлатини икки катта қизига бўлиб беради. Аччиқ устида кенжа қизи Корделияни меросдан маҳрум қилади. Вақт ўтиши билан мол-мулк шайдолари бўлган опа-сингил Гонериля ва Регана кекса отани унутади. Ҳатто уни ўзларига халақит бермасин, дея кўчага ҳайдайди.

Отасининг фожиали қисматидан воқиф бўлган кенжа қиз Корделия уни ҳалокатдан қутқаришга нечоғлик уринмасин, опалари қаршисида ожиз қолади...

Спектаклнинг жамоатчилик муҳокамасида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ўқитувчилари - санъатшунослик фанлари доктори, профессор, Муҳаббат Тўлахўжаева, санъатшунослик фанлари номзоди, доцент, Омонулла Ризаев, Ўзбекистон Республикаси Театр арбоблари уюшмаси ижодий бўлими бошлиғи Усмонжон Эратов, Самарқанддаги давлат театрлари раҳбарлари, тажрибали ижодкорлар иштирок этди.

***

Шунингдек, америкалик драматург ва сценарист Нил Саймон қаламига мансуб, театрнинг бош режиссёри Шуҳрат Санақулов томонидан саҳналаштирилган “97-хона” спектакли ҳам жамоатчилик кўригига тақдим қилинди.

Мазкур саҳна асари Нил Саймоннинг “Калифорния сюитаси” трилогиясининг учинчи қисми асосида саҳналаштирилган бўлиб, воқеалар Самарқандда кечади.

Шохруҳ ШАХАНОВ.