Самарқанд темирйўл вокзалида юртимиздаги биринчи туризм бекати иш бошлади
2020 йил 9 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида юртимизда туристик масканлар ва инфратузилма объектларини кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган эди. Бу борада мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилганди.
Ушбу вазифалардан келиб чиқиб ҳамда сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимлиги, вилоят туризмни ривожлантириш департаменти томонидан Самарқанд темирйўл вокзали ҳудудида туризм бекати фаолияти йўлга қўйилди.
“Shaxrizada Sam Star tur” туристик фирмаси томонидан ташкил қилинган туризм бекатида меҳмонларга тегишли лицензияга эга сайёҳлик фирмаларининг транспорт воситалари, малакали гид-таржимонлар, шунингдек меҳмонхона ва овқатланиш шохобчалари бўйича бепул маълумот берилади. Сайёҳлар транспорт воситаларига, гид-таржимонларга, меҳмонхона ва овқатланиш шохобчаларига шу ернинг ўзида бевосита буюртма беришлари, улардан фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, бекатда тўловларни амалга ошириш учун пайнет хизматидан фойдаланиш, махсус SIM-карталарни олиш имкониятлари мавжуд.
Бекатнинг очилиш маросимида иштирок этган Республика Бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади. Жаҳон сайёҳлик ташкилоти томонидан пандемия шароитида ҳам туризм йўналишидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган дунё миқёсидаги икки давлатдан бири Ўзбекистон эканлиги эътироф этилаётганлигини алоҳида қайд этди.
Шунингдек, Бош вазир ўринбосари 2023 йилда ўтказилиши режалаштирилган Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг Бош ассамблеяси Самарқандда ташкил қилиниши мумкинлигини маълум қилди.
– Бу ушбу йўналишдаги ишларимизнинг бошланиши ва Самарқанд шаҳрида яна иккита туристик бекат ташкил қилинади, – дейди вилоят туризмни ривожлантириш департаменти директори Д.Нарзиқулов. - Биринчи туристик бекат асосан хорижий сайёҳлар ҳамда республикамизнинг бошқа ҳудудларидан келган сайёҳларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатиши белгиланган туристик бекат Амир Темур мақбараси атрофида жойлашади. Учинчи туристик бекат эса Мирзо Улуғбек расадхонасида ҳудудида бўлади. Айни пайтда ушбу бекатларни ташкил қилиш бўйича талабгорларнинг таклифлари ўрганилмоқда.
Биринчи туристик бекатда айни пайтда сайёҳларга сайёҳлик фирмалари, йўналишлар, меҳмонхоналар, ресторан ва овқатланиш шохобчалари ҳақида ўзбек, рус, инглиз ва япон тилларида маълумотлар берилади.
– Мақсадимиз сайёҳларга қулайлик яратиш, хизмат сифатини оширишдан иборат, – дейди туристик бекат масъули Обид Ҳакимов. – Бекатда сайёҳларга самарали саёҳат ташкил этишда кўмаклашиш мақсадида тўрт йўналиш таклиф қилинмоқда. Биринчи йўналиш зиёрат туризми, иккинчиси тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойлар, учинчиси экотуризм, агротуризм, тоғ туризми ва шу кабилардан иборат бўлса, тўртинчиси миллий таомлар ва ҳунармандчилик марказларига ўтказиладиган саёҳатларни ўз ичига олади. Бундаги асосий вазифа сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлашдан иборат.
Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар учун туристик йўналишлар бўйича инфо-тур ташкил қилинди.