Самарқанд туманида дастхатли китоблар кутубхонаси ташкил этилади

Самарқанд туманида яшовчи Рустамжон Аҳрорқулов 2019 йилда Хўжа Аҳрор Валий маҳалласида “Ёш китобхон маскани”ни ташкил этган эди. Бу мўъжазгина мажмуада кутубхона, матбаа ва китоб савдоси хизматлари кўрсатилади. Шунингдек, бу зиё масканида китобхонлик кечалари, мушоиралар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб турилади.

- Эсимни таниганимдан бери дадам менга туғилган куним ва байрамларда китоб совға қилади, - дейди Р.Аҳрорқулов. – Аҳамиятлиси, ўша китобларнинг аксариятига муаллифларнинг дастхати қўйилган. Бу эса китоб ўқишга бўлган қизиқишимни янада ошишига сабаб бўлган. 2019 йилда вилоят ҳокимининг ёшлар билан учрашувида туманимизда “Ёш китобхон маскани”ни ташкил этиш истагим борлигини билдирдим ва бу таклиф маъқулланиб, шароит ва имкониятлар яратиб берилди. Бугунги кунда 3 нафар тенгдошимнинг бандлигини таъминлаганман. Келгусида фаолиятимни кенгайтириш режаларим бор. Яъни, “Дастхатли китоблар кутубхонаси” лойиҳасини амалга оширмоқчиман. Зеро, ёш китобхонлар учун таниқли шахслар, муаллиф тилаклари битилган китобларнинг қадри баланд бўлади.

Тўлқин Сиддиқов.