Самарқанд туманида Конигил сайёҳлик шаҳарчаси очилди
Самарқанд вилоятида ташкил этилган янги туристик йўналишлар бўйича ахборот-тур иштирокчилари Самарқанд туманидаги "Конигил мерос" ҳунармандчилик марказида бўлиб, қадимий қоғоз ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.
Марказда бундан ташқари, қадимий анъаналар асосида кулолчилик, дурадгорлик, ёғ ишлаб чиқариш йўлга қўйилганига гувоҳ бўлишди.
Таъкидлаш лозимки, Конигил қишлоғи бугун таниб бўлмас даражада ўзгарган. Ўзининг гўзал табиати, узоқ тарихий қадриятлари ва ҳунармандчилик ривожланган марказ сифатида бу ҳудуд маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг эътиборини тортади. Ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик билан машҳур бўлган қишлоқ аҳолиси ўзининг меҳмондўстлиги билан ҳам танилган. Шунингдек, ушбу ҳудуднинг ҳар бир меҳмони мазкур жойда етиштирилган гуруч ва ёғдан тайёрланган паловни татиб кўриш имкониятига эга.
Бир сўз билан айтганда, Конигил сайёҳлик шаҳарчасида меҳмонларнинг маданий дам олиши, халқ ҳунармандчилиги ва анъанавий урф-одатларимиз билан танишиши учун барча шароитлар яратилган.
Конигил сайёҳлик шаҳарчаси очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов, вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.