Самарқанд туманида нима гап?
Самарқанд туманида саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги тармоқлари яхши ривожланган. Биргина қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш борасида туман вилоятимизда етакчилардан ҳисобланади. Хўш, туманда тармоқларни янада ривожлантириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг турмуш шароитини яхшилаш учун қандай ишлар олиб борилмоқда? Туман ҳокими Носир МАВЛОНОВ билан суҳбатимиз шу мавзулар доирасида бўлди.
- Самарқанд туманида аграр соҳа етакчи тармоқлардан ҳисобланади. Ҳудудда қишлоқ хўжалигини янада даромадли соҳага айлантириш, янги технологияларни жалб этиш, хорижий бозорларда талаб юқори бўлган экинларни ўзлаштириш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда?
- Туманимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун қулай бўлганлиги сабабли деҳқонларимиз белгилангандан ортиқ ҳосил етиштирди, - дейди Н.Мавлонов. - Жорий йилда ғаллакорларимиз эл хирмонига 8497 тонна сара дон ва 1348 тонна уруғлик етказиб берди.
Боғ-токзор ва мева-сабзавотчилик тармоқларида ҳам юқори натижаларга эришилди. Туманда қарийб 8 минг гектар боғ-ток майдони бор. 12695 гектар ерда етиштирилган сабзавот экинларидан жорий йилда 143 минг 841 тонна ҳосил олинди. Ҳосилнинг 36128 тоннаси қайта ишлашга, 11051 тоннаси захирага, 189 тоннаси уруғлик учун, 54851 тоннаси ички истеъмолга ва 32537 тоннаси экспортга йўналтирилмоқда.
18 та паррандачилик корхонаси томонидан 9 ойда 484 минг дона тухум, 21,2 минг тонна парҳез гўшт тайёрланди. Балиқчиликда ҳам 13 та хўжаликда салмоқли натижалар қўлга киритилиб, 783 тонна балиқ эл дастурхонига тортиқ қилинди.
- Қишлоқ хўжалигининг ҳеч бир тармоғини сувсиз тасаввур этиб бўлмайди. Замон талабидан келиб чиқадиган бўлсак, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳаётий зарурат. Шундай экан, туманда қишлоқ хўжалик тармоқларида сув тежамкор технологияларини жорий этиш, ички ирригация-мелиорация тармоқларидан самарали фойдаланиш бўйича қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?
- Албатта, кейинги йилларда сув ресурсларининг камайиши қишлоқ хўжалиги тармоқларида янги инновацион суғориш технологияларини жорий этиш, кам сув талаб этадиган ўсимликлардан юқори ҳосил олишни талаб этмоқда. Шундан келиб чиқиб, 2019 йилда 3751 гектар боғ майдонининг 1361 гектарида, 4165 гектар токзорнинг қарийб 500 гектарида томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди. Жорий йилда ҳам 300 гектардан ортиқ майдонга томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилди.
2021 йилда 50 та лойиҳа асосида 1050 гектар майдонда, шу жумладан 550 гектар боғ, 200 гектар токзор ҳамда 300 гектар сабзавот майдонларида томчилатиб суғориш технологияси татбиқ этилади.
- Туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни ривожлантириш, маҳсулотни қайта ишлаш ва экспорт қилиш, янги ҳамкорлар топишда имкониятлар қандай?
- Қайта ишлаш ва экспортёр корхоналарнинг фаолиятини тўғри ташкил этишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Уларнинг тўла қувватда ишлашини таъминлаш ҳамда талаб этиладиган маҳсулотларни етказиб бериш мақсадида қайта ишлаш ва экспортёр корхоналар билан фермер хўжаликлари ўртасида 69083 тонна маҳсулот етказиб бериш бўйича 1400 та шартнома тузилди.
Мева-сабзавот маҳсулотларини жойлаштириш, етиштириш ва уларни кооперация асосида экспортёр корхоналар ҳамда кластерлар орқали қайта ишлаш, экспорт ва ички бозорга йўналтириш бўйича 2 та корхона негизида мева-сабзавотчилик кластерлари ташкил этилди. Ушбу корхоналарга 507 та фермер хўжалигининг қўшимча 4122 гектар ер майдони бириктириб берилди. Мазкур кластерлар корхоналари йилига 138 минг тонна узум, мева-сабзавот маҳсулотлари қабул қилади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 18,4 минг тоннаси ички бозорга, 32,5 минг тоннаси экспортга чиқарилади.
- Камбағалликни қисқартириш, иш ўринлари яратиш, ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб этиш борасида туман қандай намуна кўрсатмоқда?
- Бу борада дастлаб 2248 та камбағал оилада яшовчи 10,4 минг (шундан ишсизлар 2,4 минг нафар) фуқаронинг рўйхати шакллантирилиб, “Темир дафтар”га киритилганди. Ҳозиргача 1200 дан ортиқ фуқаро иш билан таъминланиб, 605 оила “Темир дафтар”дан чиқарилди.
“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида камбағал оилаларга қарийб 1 миллиард сўмлик озиқ-овқат, нақд пул, дори-дармон ва бошқа ёрдамлар кўрсатилди. Йил бошидан буён туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан 2100 дан ортиқ фуқаро доимий ва мавсумий ишларга жойлаштирилди. 1150 дан ортиқ фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. 205 ишсиз фуқаро касб ўрганишга йўналтирилди, яна 352 фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланди, 120 фуқарога субсидия ажратилди. Жумладан, “Темир дафтар”даги 87 нафар фуқарога иссиқхона қуриб берилди.
- Қишлоқларда инфратузилмани ривожлантириш, аҳолининг турмуш маданиятини ошириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
- Аҳоли турмуш шароитини яхшилашда биринчи навбатда тоза ичимлик суви билан таъминлаш муҳим ҳисобланади. Шу боис, туманда ичимлик сув таъминотини яхшилашга алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Ҳозир туманимизда 226 та сув иншооти мавжуд ва 251,5 минг аҳолининг 222 мингдан ортиғи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган, яъни аҳолининг 96,8 фоизига тоза ичимлик суви етказилади. Тумандаги “Улуғбек” сув иншоотида ичимлик сувини зарарсизлантириш ускунаси ўрнатилди. Таъминотни яхшилаш учун 4,8 километр ичимлик суви тармоғи ва 1 дона сув насоси янгиланди. Ўтган йили туманнинг Андижони, Арабхона, Янгижой маҳаллаларида сув иншоотлари қурилди. Натижада 1,5 мингдан ортиқ аҳолининг сув таъминоти яхшиланди. 2015-2019 йилларда кам таъминланган ва уй-жойга муҳтож оилалар учун 15 та кўп қаватли уй қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Жорий йилда 3 та давлат хусусий шерикликдаги мактабгача таълим ташкилоти қурилди, 5 та умумтаълим мактаби ва давлат мактабгача таълим ташкилоти реконструкция қилинди. Электр таъминотини яхшилаш учун 9 километрдан ортиқ янги ҳаво линияси тортилди, маҳаллаларга 17 та қўшимча трансформатор ўрнатилди. Туманимиздаги маҳаллаларнинг 40 тасига табиий газ ва 61 тасига суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш учун жорий йилда туман бўйича 48,3 километрдан ортиқ йўл жорий таъмирланди. “Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУК билан шартнома асосида 2020 йил маҳаллий бюджет ҳисобидан ва туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан 12,5 километр ички хўжалик йўллари таъмирланди.
Тумандаги имконият ва ресурсларни ишга солиб, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, иқтисодиётни ривожлантириш, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш ва пировардида иқтисодий тараққиётга эришиш учун зарур чораларни кўряпмиз.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ
суҳбатлашди.