Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон ТУРДИМОВ:
- Туманлардаги қабуллар жараёни аҳолига, раҳбарларга, қолаверса, менга ҳам сабоқ бўляпти. Мулоқот жараёнида Президентимиз ғоялари нечоғлик ҳаётий эканлигини англаб етяпмиз. Бир-биримиздан ўрганяпмиз, бир-биримизга ўргатяпмиз.
Мен учун муҳими, мутасаддиларда у ёки бу муаммо ечимига эришиш баробарида келгусида шундай муаммоларнинг олдини олиш чораларини кўриш кўникмасини шакллантиришдир.
Баъзиларда «Бу менга тегишли масала эмас-ку, нега уни менга топширди», деган фикр бўлиши табиий. Унутмайликки, ана шундай муносабатимиз туфайли ҳаётимизда бир хил муаммолар юзага келган. Бу муаммоларнинг энг тўғри ечими ҳам уларга нисбатан нуқтаи назаримизни ўзгартира олишимизда.
Жамиятдан, ўз ҳаётидан норизо киши атрофдагиларга салбий таъсир кўрсатади, ўзини уддалаш, бировга ёрдам бериш фикридан йироқ бўлади. Аламзадалик эзгу ишларга йўл бермайди.
Шу боис мурожаат қилганларга кўмаклашиш учун нафақат мутасадди идоралар раҳбарлари, балки депутатларни, жамоат ва нодавлат ташкилотлари, ҳатто ОАВ вакилларини ҳам жалб этяпмиз. Мисол учун, ўзининг ёки бировнинг хатоси туфайли моддий зарар кўрган, тақдир синовига дош беролмаган фуқарони кўпчилик бўлиб қўлласак, қонуний йўл билан унга ёрдам берсак, ўзаро низоларини ечишда кўмаклашсак, томорқасиданми ёки банкдан кредит олибми, даромад олишга ўргатсак, нафақат бир оилада, ҳатто ўша маҳаллада ҳам кўп муаммолар ўз-ўзидан ечилади.
Ўзини тутиб олган, уддалаган киши аламзадаликдан қутулади, болалари тақдирини ўйлайди, ислоҳотларимизга хайрихоҳ бўлади. Бунинг учун жамиятдаги барча кучлар бир мақсад сари ҳамкорлик қилиши зарур.