Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг Наврўз байрами табриги
Қадрли юртдошлар!
Азиз самарқандликлар!
Бутун вилоятимиз аҳли ҳамда меҳмонларини юртимизда кенг нишонланаётган энг гўзал ва ардоқли байрам - Наврўзи олам билан чин қалбимдан, самимий табриклайман!
Баҳор ўзининг уйғониш, яшариш ва янгиланиш фасли эканлиги билан ҳам инсон ва табиатни бир-бирига боғлаб, уларнинг муштараклигини намоён қилиб келади.
Ўзбекистон, хусусан, Самарқанд дунёвий эврилишларнинг маркази сифатида асрлар оша Наврўз анъаналарини асраб-авайлаб, аждодлардан авлодларга етказиб келмоқда. Шу сабабли бу уйғунлик халқимиз турмуш тарзининг муҳим бўлаги сифатида қарор топди.
Наврўз - нафақат Шарқона янги йил ва янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, балки улуғ ва эзгу ишларнинг бошланиш палласидир. Тарихга разм солсак, буюк ишлар айнан Наврўздан бошланган, бунёдкорлик ишларига шу куни оқ фотиҳа берилган.
Гина-кудуратлар унутилиб, урушлар тўхтатилган, одамлар бир даврада ўтириб, табиат неъматларидан тайёрланган таомларни баҳам кўрганлар. Ҳовлилар, кўчалар, қабристонлар, муқаддас зиёратгоҳлар тартибга келтирилган, эзгу ниятлар билан дарахтлар экилган.
Бугун ҳам вилоятимиз аҳли янги деҳқончилик мавсумини бошлаб, ерга барака уруғи қадамоқда. Далаларимизда ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари парвариши жадал суръатларда давом этмоқда.
Насиб этса, бу йил ўтган йилгидан ҳам юксак дон хирмонлар яратамиз, халқимиз дастурхони тўкин-сочинлигини таъминлаш учун барчамиз ҳамжиҳатликда ҳаракат қиламиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 11 январь куни вилоятимизга амалга оширган ташрифи давомида белгилаб берган вазифа ва топшириқлари асосида айни пайтда барча шаҳар ва туманларимизда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда янги, истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
"Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари асосида 48 қишлоқ ва маҳаллада бунёдкорлик ишларига жадал киришилди.
Шунингдек, туманлар марказларини обод қилиш, замонавий бино ва иншоотлар қуриш, коммуникация тизимлари яратиш бўйича ишлар бошланди.
Мустақиллик туфайли миллий қадрият сифатида қайта тикланган, халқимиз ҳаётидан мустаҳкам ўрин олган Наврўз ҳар йили эъзозли байрам тарзида кенг нишонланмоқда. Кейинги 2-3 йил ичида унинг моҳиятини янада теран англаяпмиз. Негаки, Ўзбекистон тараққиётининг жўшқин даври йилнинг тўрт фаслида ҳам Наврўздаги уйғониш, янгиланиш жараёни бўлиб давом этаётир.
Биз баҳорнинг бу табаррук айёми таровати ва шукуҳидан ҳар бир қишлоқ ва кўчани, ҳар бир гўша ва хонадонни баҳраманд этишни ўргандик. Байрам арафасида вилоятимиз маҳалла ва қишлоқларида 100 дан ортиқ янги иншоотларнинг фойдаланишга топширилгани фикримиз исботидир.
Наврўзнинг асосий тамойилларидан бири бўлган ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик, бағрикенглик бугун давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Шу боис кейинги йилларда байрамни яқин қўшни давлатлар халқлари, юртимиздаги турли миллат ва элатлар вакиллари билан биргаликда нишонлаш анъанага айланиб бормоқда.
Наврўзни нишонлаш учун бу йил ҳам вилоятимизга юртимизнинг турли ҳудудларидан, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа хорижий мамлакатлардан кўплаб меҳмонлар келди. Уларга "Самарқандга, юртимизга хуш келибсиз! Наврўз байрами муборак бўлсин!", деймиз.
Наврўзнинг асосий ғояси, бу - инсонни қадрлаш, кексаларга ҳурмат, эҳтиёжмандларга мурувват ва эътибор кўрсатишдир. Бугун бу жиҳатлар вилоятимизнинг барча гўшаларида давом этаётган байрам тадбирларида ўз ифодасини топмоқда.
Жумладан, шу кунларда вилоятимиздаги Саховат ва Мурувват уйлари, Меҳрибонлик уйларида хайрия тадбирлари ўтказилмоқда, имконияти чекланган кишилар ва беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатилаётир.
Азиз дўстлар!
Сизларни яна бир бор Наврўз байрами билан табриклаб, қалбимдаги энг эзгу тилакларни йўллайман!
Шарқона янги йил, янги деҳқончилик мавсуми барчамиз учун файзли, қут-баракали келсин.
Юртимиз осмони ҳамиша мусаффо, мард ва олийжаноб халқимиз омон бўлсин!