Самарқанд вилояти ҳокимининг қарори

САМАРҚАНД ВИЛОЯТИДА ДАВЛАТ КЎЧМАС МУЛКИДАН ФОЙДАЛАНГАНЛИК УЧУН 2018 ЙИЛДА ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН ИЖАРА ТЎЛОВИНИНГ ЭНГ КАМ СТАВКАЛАРИ ҲАҚИДА

Ўзбекистон Республикасининг "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги қонуни 6 ва 25-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги "Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2018 йил 23 январдаги келишувини инобатга олиб, ҚАРОР ҚИЛАМАН:
1. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2018 йил 23 январдаги хати маълумот учун қабул қилинсин.

2. Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят молия, статистика бошқармалари, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят "Ермулккадастр" хизмати ва "Самарқанд вилоят давлат мулкини ижарага бериш маркази" давлат унитар корхонасининг давлат кўчмас мулкини ижарага беришда 2018 йилда ижара тўловининг таянч ставкасини ҳисоблаб чиқиш бўйича коэффициентларни аниқлаш тўғрисидаги таклифи иловага мувофиқ маъқуллансин. 

3. Самарқанд вилоятидаги давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун 2018 йилда ижара ҳақининг 2018 йил учун 1 кв.м.га энг кам миқдордаги ставкалари 1-иловага;
ижара тўловини (ижара тўловининг таянч ставкасини) ҳисоблаб чиқиш тартиби ва қўлланадиган коэффициентлар 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Давлат мулки бўлган бинолар ва хоналарда жойлашган бюджет ташкилотлари учун ижара тўловининг "ноль" ставкаси қўлланилиши белгилаб қўйилсин.
5. "Самарқанд вилоят давлат мулкини ижарага бериш маркази" давлат унитар корхонаси (Б. Пайшанов) давлат мулкини ижарага бериш тўғрисидаги шартномаларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги "Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 102-сон қарори билан тасдиқланган низом талаблари асосида расмийлаштириб, ижарага берилган давлат мулки тўғрисидаги маълумотларни тегишли равишда вилоят молия бош бошқармаси ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармасига тақдим этиб борсин.
6. Вилоят ҳокимининг 2016 йил 30 декабрдаги "Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 336-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.
7. Ушбу қарор "Зарафшон" газетасида эълон қилинсин ҳамда ҳокимликнинг samarkand.uz расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
8. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Самарқанд вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Худойбердиев зиммасига юклансин.

Вилоят ҳокими Т.ЖЎРАЕВ.
2018 йил 8 февраль.
(Қарорнинг иловалари билан вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайти – samarkand.uz да танишишингиз мумкин).