2025 йилда Самарқанд вилоятида Олимпия ва Паралимпия ҳаракати, спорт таълими ва селекция ҳамда оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ва аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида

Вилоят ҳокимининг ҚАРОРИ

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунларига мувофиқ, шунингдек, вилоятда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш, аҳолини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, ҳудудий спорт федерациялари (уюшмалари) фаолиятини қўллаб-қувватлаш, олимпия ва паралимпия спорт турларини ривожлантириш орқали нуфузли халқаро спорт мусобақалари, жумладан, Олимпия ва Паралимпия ўйинларига спортчиларимизнинг ҳар томонлама муваффақиятли иштирок этишини таъминлаш мақсадида ҚАРОР ҚИЛАМАН:

1. Қуйидагилар:

Олимпия ва Паралимпия ҳаракати, спорт таълими ва селекция ҳамда оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ва аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш юзасидан Самарқанд вилоятида 2025 йилда амалга ошириладиган ишлар бўйича “йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ;

Самарқанд вилоятида 2025 йилда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича эришиладиган мақсадли кўрсаткичлар 2-иловага мувофиқ;

2025 йилда ҳудудий спорт федерациялари (уюшмалари) билан “спорт қабуллари” ўтказиш бўйича режа-жадвали 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Вилоят ҳокимининг ўринбосари (Х.Тўхтаев), вилоят спорт бошқармаси (Ш.Рўзиев) тегишли бошқарма ва ташкилотлар ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда иловаларда белгиланган топшириқларни белгиланган муддатларда ижросини таъминлаш чораларини кўрсин.

3. Вилоят ҳокимининг ўринбосари (Х.Тўхтаев), вилоят спорт бошқармаси (Ш.Рўзиев), Ёшлар ишлари бошқармаси (С.Бобоев) туман ва шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

- жисмоний тарбия ва спорт билан доимий шуғулланадиган аҳоли улушини жорий йилда камида 30 фоизга етказиш;

- вилоят ёшларининг спортга қизиқишларини кучайтириш мақсадида тажрибали ва таниқли спортчилар иштирокида учрашувлар ташкил этиш тизимини йўлга қўйиш;

- олимпия ва паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган спортчиларнинг ижтимоий-маиший ва моддий таъминотини яхшилаш бўйича зарур чора-тадбирларни тизимли равишда амалга ошириб бориш;

- хусусий спорт клублари фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрсин.

4. Вилоят ҳокимининг ўринбосари (Х.Тўхтаев), вилоят спорт бошқармаси (Ш.Рўзиев) мазкур қарорда ва Йўл харитасида кўзда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши бўйича ҳар ойда бир маротаба вилоят ҳокими ҳузурида туман (шаҳар) ҳокимлари, вилоят спорт бошқармаси, ҳудудий спорт федерациялари ва давлат спорт таълим муассасалари иштирокида муҳокама қилиб бориш чораларини кўрсин.

5. Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати (М.Ихтиёров) мазкур қарорни “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталарида эълон қилинишини ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминласин.

6. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Тўхтаев зиммасига юклансин.

Вилоят ҳокими в.б.                             А.Бобоев

2025 йил 25 февраль, № 64-7-0-Q/25