Ҳоким қарори ҳақиқий эмас, деб топилди. Нега?
Энди тадбиркорнинг ер участкасини ноқонуний олиб қўйган мансабдор шахсларга Бизнес-Омбудсман базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солади.
Бизнес-Омбудсман нима мақсадда ташкил этилганлигини дастлаб кўпчилик яхши билмас эди. Аммо фаолиятимиз давомида тадбиркорларга яқин кўмакчи бўлишга, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилишга интиляпмиз.
Натижада ташкилотнинг вилоятдаги ходимларига ўтган йили тадбиркорлик субъектларидан 481 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 217 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 264 та (тадбиркорлик билан боғлиқ бўлмаган) сига тушунтириш берилган.
Мурожаатларни ўрганиш давомида тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат органларига 155 та (13 та тақдимнома, 6 та даъво ариза, 6 та хулоса, 1 та огоҳлантириш ва 128 та маъмурий баённома) таъсир чоралари қўлланилган.
Мисол учун, Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг 2021 йил 30 июндаги қарори билан “POKIZA ZINNURA” нодавлат таълим муассасасига хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасаси қурилиши учун ажратилган ер майдони қонунга зид равишда ҳокимлик захирасига қайтариб олинган.
Ҳолат бўйича Самарқанд туманлараро маъмурий судига даъво ариза киритилди. Суднинг 2021 йил 20 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан ҳокимнинг қарори ҳақиқий эмас деб топилган.
Шунингдек, ўтган йили Бизнес-Омбудсманнинг вилоятдаги ходимлари аралашуви билан тадбиркорлик фаолияти учун 2 млрд. сўмдан ортиқ кредит маблағи ажратилиши таъминланди.
Назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиниши ўрганилиб, 4 минг 76 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган.
Аниқланган ҳолатлар бўйича 128 нафар мансабдорга нисбатан қонуний чора кўрилиб, давлат фойдасига 147 миллион сўм жарима ундирилган.
Аброр Ибрагимов,
Бизнес-Омбудсманнинг вилоятдаги ходими.