Кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкнинг талаб даражасида сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган хизматлар ва ишларнинг минимал рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида

 Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши Қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” ПҚ-5152-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек кўп квартирали уйларни бошқаришни янада такомиллаштириш асосида сифатли коммунал хизматлар кўрсатишни ташкил қилиш ҳамда кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни ва унга туташ ер участкасини талаб даражасида сақлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 январдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш фаолиятини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 3-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6 ва 24-моддасига асосан халқ депутатлари вилоят Кенгаши олтинчи чақириқ, олтмиш олтинчи сессияси ҚАРОР  ҚИЛАДИ:

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 январдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш фаолиятини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 3-сонли қарори маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Кўп квартирали уйда умумий мулкнинг талаб даражасида сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган хизматлар ва ишларнинг минимал рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  3. Мазкур қарор билан кўп квартирали уйда умумий мулкнинг талаб даражасида сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган хизматлар ва ишларнинг минимал рўйхатини тузиш ва тасдиқлаш тартибини белгилаши;

тасдиқланган хизматлар ва ишларнинг минимал рўйхати кўп квартирали уйни бошқариш шартномалари ҳамда умумий мулкни сақлаш ва (ёки) таъмирлаш бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномалардан келиб чиқиладиган муносабатларга нисбатан қўлланиши маълумот учун қабул қилинсин.

  1. Рўйхатда назарда тутилган хизматлар ва ишлар кўп квартирали уйларни бошқариш органлари томонидан аҳолига шартномавий намуна асосида хизмат кўрсатиш;

- ҳар бир кўп квартирали уйларни бошқариш органлари томонидан аҳолига кўрсатиладиган хизматлар ва ишлар рўйхати улар томонидан ишлаб чиқариладиган хизматлар ва ишларнинг минимал рўйхатига мувофиқ шакллантирилиши;

- хизматлар ва ишларнинг минимал рўйхатига киритилган хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш даврийлиги кўп квартирали уйнинг танланган бошқарув усули билан белгиланиши;

- хизматлар ва ишларнинг минимал рўйхатига киритилган хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш даврийлиги қуйидаги ҳужжатларда расмийлаштирилиши, бунда:

а) кўп квартирали уйни бошқариш тўғридан-тўғри уй эгалари томонидан амалга оширилса - кўп квартирали уйларда мулк эгаларининг умумий йиғилиши қарорида;

б) кўп квартирали уйга танланган бошқарувчи ташкилот хизмат кўрсатганда – кўп квартирали уйни бошқариш шартномасида;

в) кўп квартирали уйни бошқариш уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан амалга оширилса – шериклик тўғрисидаги Низомда;

г) янги қурилган уйлар бевосита қурувчи томонидан бошқарилса

 – қурувчи ташкилоти қарорида;

хизматлар ва ишларнинг минимал рўйхати Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб шакллантирилиши ва белгиланган тартибда халқ депутатлари вилоят Кенгашига тасдиқлаш учун киритилиши инобатга олинсин.

  1. Кўп квартирали уйларни бошқариш органлари таъсис ҳужжатларда, илмий-услубий салоҳияти ва техник жиҳозлари билан таъминлаш даражасида ўзгариш юз берганда, хизматлар ва ишлар рўйхатига уни тасдиқлаш тартибига мувофиқ тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкинлиги белгилаб қўйилсин.
  2. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари – матбуот котиби (М.Мирзаев), вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” МЧЖ (А.Анваров) мазкур қарорни “Зарафшон”, “Самаркандский вестник”, “Овози Самарқанд” газеталарида чоп этилишини ҳамда Lex.uz – Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига ва вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига ўрнатилган тартибда жойлаштирилишини таъминласин.
  3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси (Ў.Саидмуродов) ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари (А.Шукуров) зиммаларига юклансин.
  4. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Кенгаш раиси     Э.Турдимов

 

2022 йил, 1 июль

№ VI-66-143-7-0-K/22

***

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2022 йил 1 июлдаги VI-66-143-7-0-K/22-сонли қарорига 1-илова

Кўп квартирали уйда умумий мулкнинг талаб даражасида сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган хизматлар ва ишларнинг минимал рўйхати

Кўп квартирали уйларнинг таянч (пойдеворлар, деворлар, устунлар ва устунлар, ораёпма ва том ёпмалар, тўсинлар, ригеллар, зинапоялар, томнинг таянч элементлари) конструкциялари ва таянч бўлмаган (тўсувчи деворлар, ички пардоз, пол қисми) конструкцияларини тўғри сақлаш учун зарур бўлган ишлар

  1. Барча турдаги пойдеворларга нисбатан амалга ошириладиган ишлар:

бино атрофидаги ҳудуд элементларининг вертикал режага нисбатан лойиҳа параметрларига мослигини текшириш;

аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш;

конструкцияларнинг кўринадиган қисмларини техник ҳолатини;

барча турдаги пойдеворларнинг нотекис чўкиши аломатларини;

бетон, темир-бетон ва ғишт-тош пойдеворли уйларда арматураларнинг занглаши, сиртқи қатламнинг бузилиши, дарзларнинг пайдо бўлиши, бўртиб чиқишлар, вертикалдан силжиш ҳолатларини;

устунқозиқли ёғоч пойдеворли уйларда ёғоч асоснинг чириши ва қисман бузилиши ҳолатларини текшириш ва аниқлаш;

носозликлар аниқланганда – нуқсонлар аниқланган жойларда назорат шурфларини ишлаб чиқиш, носозликларнинг сабабларини батафсил текшириш ва конструкцияларнинг эксплуатацион хусусиятларини қайта тиклаш ҳамда уларни бартараф этиш чора-тадбирлар режасини тайёрлаш;

пойдеворларнинг гидроизоляция ҳамда дренаж тизими ҳолатини текшириш. Носозликлар аниқланганда – уларнинг фаолиятини тиклаш.

  1. Ертўлали биноларда амалга ошириладиган ишлар:

ертўлаларнинг ҳарорат-намлик маромини текшириш ва носозликлар аниқланганда уларнинг сабабларини бартараф этиш;

ертўлаларнинг ҳамда уларга кириш йўллари ва тирқишларининг ҳолатини текшириш, бундай биноларда сув тошиш, ифлосланиш, чиқиндилар тўпланиши ва кириш йўлларининг тўсилиб қолиши ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш;

ертўлаларнинг эшиклари, техник ер ости йўллари ва уларни тамбалаш қурилмаларининг ҳолати устидан назорат ўрнатиш. Аниқланган носозликларни бартараф этиш.

  1. Кўп квартирали уйларнинг деворларини талаб даражасида сақлаш учун амалга ошириладиган ишлар:

эксплуатациянинг лойиҳада белгиланган шартларидан четлашиш ҳолатларини, ноқонуний ўзгартиришларнинг конструктив ечимларини, кўтариш қобилиятини йўқотиш аломатлари, деформацияларнинг мавжудлиги, иссиқлик ҳимояси хусусиятларининг ишдан чиқиши, бинонинг девор ва цоколь қисмлари орасидаги гидроизоляцияси, дренаж қурилмаларининг носозликларини аниқлаш;

арматуралар ўрнатилган қисмларда ва қуйилма деталларда коррозия, деформация ва ёриқлар белгиларини аниқлаш, ички кўндаланг деворларнинг катта ўлчамли блоклардан тайёрланган панеллардан иборат юк кўтарувчи ва ўзини-ўзи кўтарувчи деворларга туташган жойларда ёриқларнинг мавжудлиги;

майда блоклардан, сунъий ва табиий ғишт-тошдан иборат деворли уйларда алоҳидаги конструкцияларнинг бирикиш жойларидаги камчиликларни, деворнинг вертикалдан оғиши ва алоҳида қисмларининг бўртиб чиқиши, ёриқларнинг мавжудлиги ва уларнинг хусусиятларини, девор термаси қоришмасининг эрозияга учраганлиги, терманинг бузилиши ҳолатларини аниқлаш;

кесилган, каркасли, тўсинли, йиғма конструкцияли ёғоч деворли уйларда қисмларнинг бир-бирига бирикиш тугунларида, оғиш, силжиш, қийшайиш, емирилиш, вертикалдан оғиш ҳолатларини аниқлаш, шунингдек чириган, ёғочни зарарловчи замбуруғлар ва ҳашоратлар таъсирида зарарланган қисмларни мавжудлигини ҳамда девор қопламалари ва сувоқларининг юқори намлик таъсирида нураши ҳолатларини ҳам аниқлаш;

шикастланиш ва носозликлар аниқланган ҳолатда – деворларни инструментал текширувдан ўтказиш, уларни эксплуатацияси ва лойиҳа шартларини тиклаш ва уларни бажариш бўйича тадбирлар режасини тузиш ва уни амалга ошириш.

  1. Кўп квартирали уйларнинг ораёпма ва том ёпмаларини талаб даражасида сақлаш учун амалга ошириладиган ишлар:

эксплуатация талабларининг бузилиши, ноқонуний ўзгартиришларнинг конструктив ечимларини белгилаш, эгилиш, ёриқлар пайдо бўлиши ва силжишларни аниқлаш;

ораёпмалардаги ва деворга туташган жойлардаги ёриқларнинг мавжудлиги, хусусиятлари ва ўлчамларини, бетоннинг ҳимоя қатламининг кўчиши ва арматуранинг очилиб қолиши, монолит ва йиғма темирбетон плиталардан иборат ораёпма ва том ёпмали уйлардаги арматураларнинг коррозиясини аниқлаш;

баландлик бўйича бир плитанинг бошқасига нисбатан силжишини, ёриқларнинг мавжудлиги, хусусиятлари ва ўлчамларини, чокларда текислаш қатламининг кўчишини, таянч жойлардаги плита ва деворлардаги сув сизиши ва музлаш белгиларини, йиғма темирбетон конструкциядан иборат ораёпма ва том ёпмали уйлардаги бетоннинг ҳимоя қатламининг бузилиши, арматураларнинг очилиб қолиши ва занглаши каби белгиларни аниқлаш;

ғишт гумбазли ораёпмалари мавжуд уйларда тўсинларнинг коррозиясини ҳамда гумбазларда ёриқларнинг мавжудлиги, хусусиятлари ва ўлчамларини аниқлаш;

ёғоч ораёпма ва том ёпмали уйларда ораёпмаларнинг сиқилиши, сувоқ қатламидаги ёриқларнинг мавжудлиги, хусусиятлари ва ўлчамларини, ёғочли таянч элементларнинг ва уларнинг тиралиш жойларининг бутлигини, шифтлардаги сув сизиши изларини, тўлдирувчиларнинг зичлиги ва намлигини, ёғоч элементларнинг ёғочни зарар етказувчи замбуруғлар ва кемирувчи ҳашоратлар билан зарарланганлигини аниқлаш;

иссиқлик сақловчи қатламнинг, товуш ва намликдан ҳимоялаш қатламларининг ораёпма (том ёпма) пардоз қатламларининг ўзаро ёпишиши ҳолатлари текшириш;

шикастланиш ва носозликлар ҳолатлари аниқланганда – қайта тиклаш ишлари режасини тузиш (зарур ҳолларда), қайта тиклаш ишларини амалга ошириш.

  1. Кўп квартирали уйларнинг устун ва таянчларни талаб даражасида сақлаш мақсадида амалга ошириладиган ишлар:

Эксплуатация талабларининг бузилиши, ноқонуний ўзгартиришларнинг конструктив ечимларини белгилаш, устуворликнинг йўқолиши, ёриқларнинг мавжудлиги, хусусиятлари ва ўлчамлари, бўртиб чиқиш ва вертикалдан оғиш ҳолатларини аниқлаш;

йиғма ва монолит темирбетон устунли уйларда арматура ва арматура тўрларнинг ҳолатини назорат қилиш ва улардаги занглаш аломатларини аниқлаш, арматуранинг очилиб қолиши ва унинг бетон билан ёпишқоқлигининг бузилганлиги, бетон танасида чуқур нотекисликлар, ғовакликларни аниқлаш;

ғиштли таянчлари мавжуд уйларда ғиштларнинг бузилиш ва тўкилиш ҳолатлари, пўлат боғловчилар ва анкерларнинг узилиши ёки қўпорилиши, тўсинлар ва сарбасталар остидаги таянчлар деворларда терманинг шикастланиши, ғиштнинг майдаланиши ёки горизонтал чоклар бўйлаб терма қаторларининг силжиши ҳолатларини аниқлаш;

ёғоч устунли уйларда ёғочни зарарловчи замбуруғлар ва кемирувчи ҳашоратлар билан зарарланганлиги, чириши, қатламланиши, ёғоч толаларнинг узилиши ҳолатларини аниқлаш;

йиғма ва монолит темирбетон устунли уйларда металлдан ишланган қуйилма деталлари ҳолати устидан назорат ўрнатиш;

шикастланиш ва носозликлар ҳолатлари аниқланганда – қайта тиклаш ишлари режасини тузиш (зарур ҳолларда), қайта тиклаш ишларини амалга ошириш.

  1. Кўп квартирали уйларнинг ораёпма ва том ёпмаларининг тўсин (ригел)ларини талаб даражасида сақлаш учун амалга ошириладиган ишлар:

эксплуатация талабларининг бузилиши, ноқонуний ўзгартиришларнинг конструктив ечимларини белгилаш, устуворликнинг йўқолиши, ёриқлар, эгилишлар, силжиш каби деформация ҳолатларини назоратга олиш;

монолит ва йиғма темирбетон тўсинли ораёпма ва том ёпмали уйларда бетоннинг сиқилган зонасида сиртнинг кўчиши, арматура очилиб қолиши ва занглаши, йирик ўлчамдаги бўртиб чиқишлар ва синиқларни аниқлаш;

таянч элементлар кундаланг кесим юзасини камайтирувчи коррозия аломатлари, конструкцияларнинг маҳаллий барқарорлигининг йўқотиши (деворларнинг ва тўсин камарларининг бўртиб чиқиши), элементларнинг асосий материалларидаги ёриқларни аниқлаш;

пўлат тўсинли ораёпма ва том ёпмага эга кўп квартирали уйларда таянч элементлардаги коррозия аломатларини ва уларнинг кўндаланг кесим юзаларининг камайишини аниқлаш;

ёғоч тўсинларнинг чириши ва намланиши, деворларга ётқизилган тўсинларнинг иссиқлик изоляцияси, ёғоч кўзлари атрофидаги синиш ва узилишларни ҳамда қирқим майдони тақалмаларидаги дарзларни аниқлаш;

шикастанишлар ва носозликлар аниқланганда – қайта тиклаш ишлари режасини тузиш (зарур ҳолларда), қайта тиклаш ишларини амалга ошириш.

  1. Кўп квартирали уйнинг том қисмини талаб даражасида сақлаш учун амалга ошириладиган ишлар:

томдан чакки ўтмаслик ҳолатларини аниқлаш;

томда жойлашган яшиндан ҳимоя ускуналарни, мачталарнинг ерга уланганлигини ва бошқа қурилмаларнинг ҳолатини текшириш;

том қопламасининг таянч конструкцияларини, ёғоч конструкцияларнинг антисептик ва ёнғинга қарши ҳимояланганлигини, шамоллатиш туйнукларини, томга чиқиш йўлларини, чордоқлардаги ўтиш кўприклари ва юриш тахталарининг, чўкиш ва ҳарорат чокларини, ички тарновларнинг сув кириш воронкаларининг деформацияси ва шикастланганлигини аниқлаш;

эксплуатациядаги томларнинг ҳимоя бетон плиталари ва тўсиқлари ҳолатини, дренаж қатламининг фильтрлаш қувватини, темир-бетон қутиларнинг таянч жойларини ва бошқа элементларни текшириш;

чордоқлардаги ҳаво алмашинуви тизими ҳамда ҳарорат-намлик маромини текшириш;

давомли ва барқарор манфий ташқи ҳаво ҳарорати кузатилган даврда чордоқсиз уйларнинг томлари қопламалари музлаши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш ва эксплуатациянинг меъёрий талабларини бажариш мақсадида уларнинг юқори қаватлари шифтларини кўздан кечириш;

том ва тарновлардан ёмғир ҳамда эриган сувларнинг оқиб кетишини таъминлаш мақсадида ахлат ва чиқиндилар, музлар тўпланишини текшириш ва зарур ҳолларда уларни тозалаш;

металл элементларнинг ҳимоя бўёқ қатламини текшириш ва зарур бўлганда тиклаш, том қопламаларнинг металл мустаҳкамлагичларини коррозияга қарши ҳимоя бўёқлар ва таркиблар билан бўяш;

балласт усули билан боғланадиган томларнинг эластомер ёки термопластик мембраналари учун тўкма қайта юкловчи ҳимоя қатламини текшириш ва зарур бўлганда қайта тиклаш;

эластомер ва термопластик материаллардан таркиб топган томларнинг юриладиган зоналаридаги йўлакчаларини текшириш ва зарур бўлганда қайта тиклаш;

томларда жойлашган пўлат боғламларнинг коррозияга қарши сиртини, техник хоналардаги темир деталларни текшириш ва зарур бўлганда қайта тиклаш;

чакки ўтишига олиб келувчи носозликлар аниқланган тақдирда, уларни зудлик билан бартараф этиш. Қолган вазиятларда – қайта тиклаш ишлари режасини ишлаб чиқиш (зарур ҳолларда), қайта тиклаш ишларини амалга ошириш.

  1. Кўп квартирали уйларнинг зинапояларини талаб даражасида сақлаш учун амалга ошириладиган ишлар:

таянч конструкциялардаги деформация ва шикастланишларни, пиллапоялардаги коваклар ва синиқларни аниқлаш;

темир-бетон зинапояли уйларда ёнплиталарга уланган қисмларда ёриқларнинг мавжудлиги ва уларнинг параметрларини, арматураларнинг очилиб қолиши ва коррозия аломатларини, поғоналарнинг алоҳида қисмида боғланишларнинг бузилиши ҳолатларини аниқлаш;

пўлат косоурли зинапоялари мавжуд уйларнинг металл конструкциялардаги коррозия аломатларини, косоурларнинг эгилиши, уларнинг зина майдончалари билан боғланишидаги носозликларни аниқлаш;

ёғоч зинапояли уйларда таянч конструкциялар эгилишини, зина майдончаларини ушлаб турувчи камонларнинг тўсинларга маҳкамланишининг бузилиши, зинапоя конструкциялари кесимларини, шунингдек чиришлар ва кемирувчи ҳашоратлар билан зарарланганлигини аниқлаш.

шикастланиш ва носозликлар аниқланганда – қайта тиклаш ишлари режасини тузиш (зарур ҳолларда), қайта тиклаш ишларини амалга ошириш.

пўлат косоурларда жойлашган зинапоялари мавжуд уйларнинг металл косоурларининг сувоқ қатламини текшириш ёки зарур ҳолларда ёнғинга чидамлилигини норматив чегарасини таъминлаш мақсадида зарур чораларни кўриш.

ёғоч зинапояли уйларда ёғоч юзаларини ҳолатини текшириш ва зарур ҳолларда антисептик ва оловбардош таркибли моддалар билан ишлов бериш.

  1. Кўп квартирали уйларнинг фасад қисмини талаб даражасида сақлаш учун амалга ошириладиган ишлар:

фасад қисмининг пардози ва унинг алоҳида элементларининг бузилишларини, пардоз қатламларининг девор билан бирикиш ҳолатини, ташқи тарновларнинг бутлиги ва герметик ҳолатини аниқлаш;

ахборот белгилари, кириш йўлакларида ёритиш тизимининг ҳолати ва ишга яроқлилигини назорат қилиш;

балкон, лоджи ва соябонлардаги таянч конструкцияларнинг, металл тўсиқлар элементларини, гидроизоляцияси, эксплуатация сифати ва носозликларини аниқлаш;

балконлар ва бино, ертўлаларга кириш жойлари устидаги веранда ва соябонларнинг алоҳида элементларини алмаштириш, тиклаш ва ҳолатини назорат қилиш;

кириш эшиклари ошиқларининг зичлигини тиклаш, ўзи ёпилувчи қурилмалар (ёпқичлар, пружиналар), эшикни секин ёпувчи қурилмалар ҳолатини назорат қилиш;

шикастланиш ва носозликлар аниқланган тақдирда – қайта тиклаш ишлари режасини тузиш (зарур ҳолларда), қайта тиклаш ишларини амалга ошириш.

  1. Кўп квартирали уйлардаги тўсиқ деворларни талаб даражасида сақлаш учун амалга ошириладиган ишлар:

санитар-техник ускуналар ўрнатилган ва турли хил қувурлар ўтган жойлардаги тўсиқларнинг бир-бири ҳамда асосий деворлар, томёпма, иситиш ускуналари, эшик кесакилари билан туташган жойларида ва тўсиқлар танасида мўртлик, бўртиб чиқиш ҳолатлари, ёриқлар мавжудлигини аниқлаш;

товуш ва ёнғиндан ҳимояланиш ҳолатини текшириш;

шикастланиш ва носозликлар аниқланганда – қайта тиклаш ишлари режасини тузиш (зарур ҳолларда), қайта тиклаш ишларини амалга ошириш.

  1. Кўп квартирали уйнинг ички пардозларини талаб даражасида сақлаш учун амалга ошириладиган ишлар - ички безаклар ҳолатини текшириш. Пардозлаш қатламларининг қулаши ёки таянч конструкция ва муҳандислик ускуналарига нисбатан ҳимоя хусусиятларининг бузилиши хавфи мавжуд бўлса – аниқланган носозликларни бартарф этиш.
  2. Кўп квартирали уйнинг умумий мулкидаги пол қисмларини талаб даражасида сақлаш учун амалга ошириладиган ишлар:

устки қатлам ва асоснинг ҳолатини ҳамда шамоллатиш тизимининг (ёғоч поллар учун) ишга яроқлилик ҳолатини текшириш;

шикастланиш ва носозликлар аниқланганда – қайта тиклаш ишлари режасини тузиш (зарур ҳолларда), қайта тиклаш ишларини амалга ошириш.

  1. Кўп квартирали уйларнинг умумий мулкидаги эшик ва дераза ромларини талаб даражасида сақлаш учун амалга ошириладиган ишлар:

кўп квартирали уйларнинг умумий мулкидаги эшик ва дераза ромларининг бутлигини, ошиқларнинг зичлигини, ромлар элементлари фурнитураларининг қуввати ва ишга яроқлилигини текшириш;

иссиқлик мавсумида аниқланган носозликларни зудлик билан бартараф этиш. Қолган вазиятларда – қайта тиклаш ишлари режасини ишлаб чиқиш (зарур ҳолларда), қайта тиклаш ишларини амалга ошириш.

 

  1. Кўп квартирали уйларда умумий мулкнинг бир қисми бўлган ускуналар ва муҳандислик таъминоти тизимларини талаб даражасида сақлаш учун зарур бўлган ишлар
  2. Кўп квартирали уйлардаги чиқинди шахталарини талаб даражасида сақлаш учун амалга ошириладиган ишлар:

чиқинди шахталарининг техник ҳолати ва ишга яроқлилигини текшириш;

тиқилишлар аниқланганда - уларни зудлик билан бартараф этиш;

чиқиндиларни йиғиш камераси ва унинг жиҳозларини, чиқинди қувурлари пояси клапанларини тозалаш, ювиш ҳамда дезинфекциялаш;

шикастланиш ва носозликлар аниқланганда – қайта тиклаш ишлари режасини тузиш (зарур ҳолларда), қайта тиклаш ишларини амалга ошириш.

  1. Кўп квартирали уйларнинг шамоллатиш тизимлари ва дудбуронларини талаб даражасида сақлаш учун амалга ошириладиган ишлар:

шамоллатиш тизимлари ва дудбуронларини мавсумий бошқариш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, тизимнинг жиҳоз ва элементлари ишга яроқлилигини аниқлаш.

шамоллатиш тизимининг ишлашида номақбул тебранишлар ва шовқин сабабларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш, ҳолатини назорат қилиш;

иссиқ чордоқларнинг иссиқлик изоляцияси ҳолатини ва уларга кириш йўлларининг зич тамбаланганлигини текшириш;

шамоллатиш йўлаклари ва шахталарда очилиб қолган жойларни, йўлаклардаги тиқилишларни, дудбурон шахталаридаги шибер ва дроссель-клапанларнинг ҳамда шахта устидаги соябонлар ва дефлекторларнинг носозликларини бартараф этиш, нуқсонли дудбурон панжаралари ва уларнинг тутқичларини янгисига алмаштириш;

совутиш тизимларини таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш ва уларнинг бутлигини текшириш;

автоматик дудбуронларни соз ҳолатда сақлашни таъминлаш ва назорат қилиш;

калориферларни ҳаво таъминоти қисмидан мавсумий очиб-ёпиш;

металл дудбўронлар, қувурлар, поддон ва дефлекторларнинг ҳолатини назорат қилиш ва занглашга қарши бўёқ қисмини тиклаш;

шикастланиш ва носозликлар аниқланганда – қайта тиклаш ишлари режасини тузиш (зарур ҳолларда), қайта тиклаш ишларини амалга ошириш.

дудбўрон каналларидаги тиқилишларни бартараф этиш.

  1. Кўп квартирали уйларда индивидуал иситиш пунктлари ва сув насосларини талаб даражасида сақлаш учун амалга ошириладиган ишлар:

кўп квартирали уйларда индивидуал иситиш пунктлари ва сув насосларини ишга тушириш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш, ускуналарнинг ҳолатини ва ишга яроқлилигини текшириш;

иссиқлик ва сув таъминоти параметрлари (босими, ҳарорати, сарфи)ни доимий назорат қилиш ҳамда иссиқлик ва сув таъминоти учун талаб этиладиган параметрларни тиклашнинг тезкор чораларини кўриш;

индивидуал иситиш пунктлари ва сув насослари тизимлари учун ускуналарни гидравлик ва термик синовдан ўтказиш;

қотма-занг қатламларни йўқотиш мақсадида иссиқлик алмашинуви ускуналарини тозалаш ишларини амалга ошириш;

иссиқ сув таъминоти тизими учун сув тозалаш қурилмасининг ишга яроқлилигини ва сақланишини текшириш;

шикастланиш ва носозликлар аниқланганда – қайта тиклаш ишлари режасини тузиш (зарур ҳолларда), қайта тиклаш ишларини амалга ошириш.

  1. Кўп квартирали уйларда сув таъминоти (иссиқ ва совуқ), иссиқлик таъминоти ҳамда сув ўтказгичларнинг талаб даражасида сақлаш мақсадида амалга ошириладиган умумий ишлар:

доимий кузатувда бўлмаган (чордоқлар, ертўлалар ва каналлардаги тарқалувчи қувур ва ускуналар) насослар, ёпқич арматуралар, назорат-ўлчов асбоблари, автоматик созлагичлар ва жиҳозлар, умумий (уй учун умумий) ўлчаш мосламалари, кенгайтириш баклари ва элементларга техник хизмат кўрсатиш, тўғрилаш, созлиги ва ишга яроқлилигини текшириш;

иссиқлик ва сув ўтказгичлар параметрлари (босими, ҳарорати, сарфи)ни доимий назорат қилиш ҳамда иссиқлик ва сув ўтказгичлар учун талаб этиладиган параметрларни тиклашнинг тезкор чораларини кўриш;

назорат-ўлчов асбобларининг (манометр, термометр ва б.) ҳолатини назорат қилиш ва носоз асбобларни алмаштириш;

кўп квартирали уйнинг умумий мулкига тегишли бўлган ускуналар ва иссиқлик таъминоти жиҳозлари, сув тақсимлагичларнинг (аралаштиргич, кран ва б.) ишга яроқлилигини тиклаш;

қувурларнинг қисмларида ва боғловчи элементларнинг герметиклиги бузилган ҳолатларда зудлик билан герметиклигини тиклаш ва ҳолатини назорат қилиш;

ички канализация, канализация қувурлари, ички оқова сув, дренаж тизимлари ва ташқи канализация элементларининг ҳолатини назорат қилиш ва носозликларни бартараф этиш;

ички оқова сув иш маромининг ишончли эксплуатациясини таъминлаш мақсадида уларнинг гидравлик затворларини ўчириб-ёқиш;

сув тармоғида таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга оширгандан сўнг унинг қисмларини ювиш;

сув босими сиғимларини ювиш ва тозалаш;

маҳаллий тозалаш иншоотлари (септиклар) ва ташқи ҳожатхоналарни текшириш ва уларнинг ишлашини таъминлаш;

сув таъминоти тизимларини занг чўкиндилардан тозалаш учун босим билан ювиш.

  1. Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти (иситиш тизими, иссиқ сув) тизимларини талаб даражасида сақлаш учун амалга ошириладиган ишлар:

кириш тугунлари ва иситиш тизимларини куч ва зичликка бардошлиликни синаш (гидравлик синовлар), иситиш тизимларини созлаш ва босим билан ювиш;

ишга тушириш ишларини синовдан ўтказиш;

иситиш тизимидан ҳавони чиқариб ташлаш;

марказий иссиқлик таъминоти тизимларини қотма-занг чўкиндиларидан тозалаш учун босим билан ювиш.

  1. Кўп квартирали уйларда электр, радио ва телеалоқа асбобларини талаб даражасида сақлаш мақсадида амалга ошириладиган ишлар:

электрокабель қобиғини ерга уланишини, ускуналарни (насослар, шит вентиляторлари ва б.) текшириш, симларнинг ва қувурларнинг изоляция қаршилигини ўлчаш ҳамда текширув натижаларига кўра ерга уланиш занжирларини тиклаш;

ҳимоя ўчиргичларнинг ишлашини текшириш ва таъминлаш;

электр ва ёритиш мосламалари, дудбўронларнинг электр мосламалари, автоматик ёнғин сигнализация тизимлари, ички ёнғинга қарши сув тармоқлари, лифтлар, қозонхоналарни автоматлаштириш мосламалари, бойлерлар, иссиқлик пунктлари, яшиндан ҳимоя элементлари ва уй ички электр тармоқларига техник хизмат кўрсатиш ҳамда таъмирлаш, тақсимловчи қутилар ва гуруҳли қутичалардаги контактлар ва боғланишларни тозалаш, электр жиҳозларини созлаш;

ёнғин ва хавфсизлик сигнализацияларининг ишдан чиққан датчиклари, электр симлари ва жиҳозларини алмаштириш ҳамда ҳолатини назорат қилиш.

  1. Кўп квартирали уйларда ички газ қурилмалари тизимини талаб даражасида сақлаш мақсадида бажариладиган ишлар;

уй ичидаги газ қурилмалари тизими ва уларнинг алоҳидаги элементларининг ҳолатини текширишни ташкил этиш;

хоналарда газ миқдорини назорат қилиш бўйича техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш тизимини ташкил этиш;

уйларнинг ички газ қурилмаларида, дудбўрон ва шамоллатиш тизимида хоналарда газнинг йиғилиб қолишига олиб келувчи ноқонуний ҳолатлар ва носозликлар аниқланганда - уларни зудлик билан бартараф этиш ишларини ташкил этиш;

  1. Кўп квартирали уйларда лифт (лифтлар)ни талаб даражасида сақлаш мақсадида амалга ошириладиган ишлар:

диспетчерлик назорати тизимини ташкил этиш ва лифт кабинасинининг диспетчер билан алоқасини таъминлаш;

лифт (лифтлар)ни кўрикдан ўтказиш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашни таъминлаш;

лифт (лифтлар)га аварияли ҳолатларда хизмат кўрсатиш тизими билан таъминлаш;

лифт (лифтлар)да техник текширув ишларини, жумладан, уларнинг баъзи қисмлари алмашганда кўриклар ўтказишни таъминлаш.

 

III. Кўп квартирали уйларда бошқа турдаги умумий мулкларни талаб даражасида сақлаш учун зарур бўлган ишлар

  1. Кўп квартирали уйларнинг умумий мулкига кирувчи хоналарини сақлаш бўйича ишлар:

тамбурларни, залларни, йўлакларни, галереяларни, лифт майдончалари ва лифт залларини, кабиналарини, зина майдончалари ва пиллапояларини қуруқ ва нам ҳолатда тозалаш;

дераза атрофларини, дераза панжараларини, зина тутқичларини, кам кучланишли электр ҳисоблагич қутиларини, почта қутиларини, эшик кесакилари, табақалари ва тутқичларини намли тозалаш;

деразаларни ювиш;

ҳимоя тизимлари (металл панжаралар, қопламалар, матолар)ни кирлардан тозалаш;

кўп квартирали уйларнинг умумий мулкига кирувчи хоналарни турли ҳашорат ва кемирувчилардан тозалаш мақсадида дератизациялаш ва дезинсекциялаш, уйга туташ ҳудуддаги маҳаллий тозалаш иншоотлари (септиклар) ва ташқи ҳожатхоналарни дезинфекциялаш.

  1. Кўп квартирали уй жойлашган ер майдони (кейинги ўринларда – туташ ҳудудлар)даги мазкур уйга хизмат қилишга ва эксплуатацияси учун мўлжалланган кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш элементлари ва бошқа объектларни йилнинг совуқ даврида талаб даражасида сақлаш бўйича ишлар:

қудуқлар ва ёнғинга қарши гидрантлар қопқоқларини қалинлиги

5 см.дан ортиқ қор ва муз қатламларидан тозалаш;

туташ ҳудудларни янги ёғаётган қорлардан ҳамда қалинлиги 5 см.дан ортиқ қор ва муз қатламларидан тозалаш;

туташ ҳудудларни қор уюмларидан тозалаш (ёки қордан ҳоли бўлган бундай ҳудудларни супуриш);

туташ ҳудудларни музлашдан ва муздан тозалаш;

уйга кириш йўлакларида ўрнатилган ўрналар ахлатини тозалаш ва уларни ювиш;

уйга кириш йўлаклари атрофи майдони ва ташқи зиналарни тозалаш.

  1. Туташ ҳудудларни йилнинг иссиқ даврида талаб даражасида сақлаш бўйича ишлар:

Туташ ҳудудларни супуриш ва тозалаш;

уйга кириш йўлакларида ўрнатилган ахлат идишларини тозалаш ва уларни ювиш;

яшил майсазорларни тозалаш ва ўриш;

ёғин сувларини қочириш тармоғини тозалаш;

уйга кириш йўлаклари атрофи майдони ва ташқи зиналарни  тозалаш, металл панжаралар ва каналларни тозалаш.

  1. Суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқишни таъминлаш бўйича ишлар:

марказий канализация тармоғига уланмаган кўп квартирали уйларда суюқ маиший чиқиндиларни йиғиш учун ишлатиладиган иншоотлар ва қурилмаларни соз ҳолатда ишини таъминлаш;

туташ ҳудудларда жойлашган ҳожатхоналардаги суюқ маиший чиқиндиларни олиб кетишни ташкил этиш;

туташ ҳудудларда жойлашган тозалаш иншоот (септик)лардаги суюқ маиший чиқиндиларни олиб кетишни ташкил этиш.

  1. Ёнғин хавфсизлиги талабларини таъминлаш бўйича ишлар - ёнғин хавфсизлиги зиналари, нарвонлари,ўтиш йўлаклари, чиқишлар, авариявий ёритиш тизимлари, ўт ўчиргичлар, сигнализациялар, ёнғин хавфсизлиги сув таъминоти, ёнғинга қарши воситалар, ёнғиндан ҳимояловчи дудбўронларини кўздан кечириш ва соз ҳолда ишлашини таъминлаш.
  2. Кўп квартирали уйнинг ички муҳандислик тармоқларида белгиланган чегаравий муддатларда аварияларни бартараф этиш, аҳоли мурожаатларини бажариш.
  3. Кўп квартирали уйдаги ногиронларга қулай шароитлар яратишга мўлжалланган жойлардаги конструкция ва (ёки) бошқа ускуналар ҳолатини текшириш ва зарур ҳолларда уларни тиклаш чораларини кўриш.
  4. Ушбу рўйхатнинг I ва II бўлимларида кўзда тутилган ишлар ва хизматлар кўп квартирали уйдаги ногиронларга қулай шароитлар яратишга таъсир кўрсатиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.