Самарқанд вилояти ҳокимининг қарори

«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига ҳамда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши регламентининг 542-моддасига асосан ҚАРОР ҚИЛАМАН:

I. Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги қирқ тўққизинчи сессияси 2018 йил 10 март куни соат 10:00 да вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида чақирилсин.

II. Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги қирқ тўққизинчи сессияси кун тартибига қуйидаги масалалар киритилсин:

1. Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраевнинг 2017 йилда вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи ҳақида.

2. Самарқанд вилояти прокуратурасининг 2017 йилда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида.

3. Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасининг вилоятда жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида.

4. Самарқанд вилояти жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлари томонидан 2017 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти ҳақида.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Самарқанд минтақавий вакилининг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 июлдаги ПҚ-3129-сонли «Туризм соҳасини ривожлантиришда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижроси юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари М.Восеевнинг ахбороти ҳақида.

7. Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи томонидан тайёрланган «Самарқанд вилоятидаги мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори воситалари ҳамда тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатлари тўғрисида»ги масала ҳақида.

8. Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан тайёрланган «Самарқанд вилоят «Сувоқова» давлат унитар корхонаси фаолияти тўғрисида»ги масала ҳақида.

9. Самарқанд вилоятининг бюджетдан ташқари жамғармасини тузиш тўғрисида.

10. Ташкилий масала.

Вилоят ҳокими  Т.ЖЎРАЕВ

2018 йил 28 февраль