Самарқанд вилояти ҳокимлигида кутубхона ташкил этилди
Ҳокимлик ходимларининг китобхонлик, мутолаа маданиятини ошириш мақсадида ташкил этилган кутубхонадан ҳозирча 300 дан зиёд бадиий, илмий-оммабоп асарлар ўрин олган. Китоб фондини шакллантиришда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа улуғ алломаларимизнинг давлат сиёсати ва бошқаруви, раҳбарлик масъулияти ҳақидаги асарларини тўплашга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, юртимизда чоп этиладиган газета ва журналлар жойлаштирилган.
– Бугун халқимизнинг китобхонга муносабатини ўзгартириш, уларнинг китобхонлик маданиятини оширишга Президентимиз алоҳида эътибор қаратмоқдалар, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимлиги ишлар бошқарувчиси Б.Раҳматуллаев. – Ҳатто, энг яхши китобхонлар Президент совғаси – автомобиль билан тақдирланмоқда. Ҳокимлик ходимлари ҳам халқимиз ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этмоқда. Бу борада улар шахсий ибрат кўрсатса, айни муддао бўлади. Шу сабабли вилоятимиз ҳокими ташаббуси билан ушбу зиё масканини ташкил этдик. Бу кутубхонамизнинг бош ғояси шундай: китоб – эзгуликлар манбаи, кутубхона – эзгуликлар хазинаси.