Самарқанд вилояти Кенгашининг 69-сессияси 5 август куни ўтказилади
Бу ҳақда вилоят ҳокимининг бугун, 29 июлда қабул қилинган "Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг олтинчи чақириқ, олтмиш тўққизинчи сессиясини чақириш тўғрисида"ги Қарорида белгиланди.
Унга кўра, вилоят Кенгашининг олтмиш тўққизинчи сессияси 2022 йил 5 август куни соат 8:00 да чақирилади.
Сессия кун тартибига қуйидаги масалалар киритилган:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги халқ қабулхонаси раҳбари М.Турдиевнинг секторлар ва ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари фаолияти, мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан ахбороти;
- вилоят прокурори Ж.Ҳотамовнинг вилоят прокуратура органлари томонидан 2022 йилнинг I ярим йиллигида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи;
- савдо ва хизматлар соҳасини ривожлантириш, уларда кўрсатилган хизматлар ҳажмини ҳисоботда тўлиқ акс эттириш, кўчма савдо фаолиятларини ташкил этиш, ўзини-ўзи банд қилган фуқароларни расмий рўйхатдан ўтказиш ҳолатлари ва норасмий фаолият кўрсатаётган ишчи ва хизматчиларни расмийлаштириш (легализация) масаласи бўйича вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Иноғомовнинг ҳисоботи;
- вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи Х.Умаровнинг 2022 йил II чорак давомида вилоят жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар, жамоа хавфсизлигини таъминловчи ва унда иштирок этувчи субъектлар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи;
- вилоятда қурилиш соҳасида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Л.Ҳамидовнинг ҳисоботи;
- вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Л.Ҳамидовнинг “Тошкент-Самарқанд” тез юрар темир йўли бўйида жойлашган аҳоли пунктларининг архитектура қиёфасини яхшилаш ва унга туташ ҳудудларни батафсил режалаштириш лойиҳалари бўйича ахбороти;
- вилоят сектор раҳбарларининг ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ишларни ташкил қилиш бўйича “йўл харита”ларини тасдиқлаш тўғрисида;
- халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2021 йил 30 декабрдаги VI-53-126-7-0-К/21-сонли “Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетининг 2021 йилдаги кутилаётган ижроси ҳамда 2022 йилги маҳаллий бюджетнинг белгиланган асосий параметрлари тўғрисда”ги қарорига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида;
- юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тўғрисида;
- вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисида.