Самарқанд вилояти музейи нега "рес­публика музейи" даражасига кўтарилган?

Самарқандда дастлабки музей ХIХ асрнинг иккинчи чорагида ҳудуддаги маданий бойликларни муҳофаза қилиш, уларнинг хорижга чиқиб кетишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилган. Бунда Ҳафиз Самарқандий ва Мирзо Абдулла Бухорийнинг коллекциялари асос бўлган.

1874 йилда Зарафшон округи маҳкамасида ташкил этилганШ норасмий музей орадан бир муддат ўтиб, 1883 йилда чор Россияси маъмурлари талаби билан ёпилади.

1896 йил 21 июлда В.Вяткиннинг фаол иштирокида вилоят статистика комитети қошида Самарқанд музейи расман ташкил этилади. Дастлабки кунлардан статистика комитети аъзолари, ўлкашунос ва шарқшунослар музейга навбат билан раҳбарлик қилган. Улар ичида Самарқандда музей иши ривожи учун катта ишларни амалга оширган, музей директори сифатида 1902 йилдан 1911 йилгача, сўнгра 1923 йилдан 1930 йилгача фаолият кўрсатган Василий Вяткиннинг хизматлари беқиёсдир.

В.Вяткин 1869 йилда Семиречеда туғилган. Улғайгач, Тошкентда ўқитувчилар тайёрлайдиган семинарияда ўқийди. 1894 йилда мазкур семинарияни тамомлагач, Самарқандга юборилади. У олдинига халқ ўқитувчиси бўлиб ишлайди, кўп ўтмай, вилоят бошқармасига таржимон, кейинроқ иш юритувчи вазифасига тайинланади. Илмий ўлкашуносликка бўлган ҳаваси уни Туркис­тон статистика комитетининг Самар­қанд бўлими фаолияти билан боғлайди ва кўп ўтмай ўша комитетга аъзо қилиб сайланади ҳамда унинг кутубхо­насини бошқаради.

В.Вяткиннинг вилоят статистика комитетидаги фаолияти кейинчалик унинг қошида ташкил этилган музей билан боғланади. У 1902 йилда Самарқанд музейига раҳбарликни бошлар экан, Афросиёб шаҳристонида ва бошқа ҳудудларда олиб борилган археологик қазишмалар натижасида йиғилган ашёлар ҳисобига Самарқанд музейи коллекцияларини бойитиб боради. Дастлабки вақтда черков биносидаги кичик бир хонада ташкил этилган музей коллекцияларининг кўпайиб бориши учун алоҳида бино барпо этишни тақозо қилади. Шу мақсадда В.Вяткин саъй-ҳаракати билан 1901 йилда кўтарилган ушбу муаммо 1911 йилда ўз ечимини топади. Музей учун махсус бино (ҳозирги Абу Райҳон Беруний номидаги ахборот-ресурс маркази) қуриб битказилади ва музей янги бинога кўчирилади.

ХХ аср бошларида В.Вяткин вилоят статистика комитети ва Самарқанд музейида этнография ҳамда археология соҳасида етакчи олим ҳисобланган. Архив манбаларига кўра, Самарқанд музейига В.Андреев раҳбарлик қилган вақтда В.Вяткин статистика комитети аъзоси сифатида Самарқанд музейининг илмий-маърифий ишларида қатнашиб, қадимги Шарқ ва этнография, Туркистон халқлари тангалари ва медаллари бўлимлари каталогини тузиш ишларига масъул этиб тайинланган. Самарқанд музейи дастлаб вилоят статистика комитети музейи сифатида иш бошлаган. Комитет аъзолари бир вақтнинг ўзида музей ходимлари сифатида ҳам фаолият олиб боришган.

Самарқанд ёдгорликларини асраб-авайлаш, уларни илмий рўйхатга олиш борасидаги ишлари туфайли В.Вяткин вилоят губернатори томонидан йилига 600 рубль маош билан Самарқанд ёдгорликларининг кузатувчиси этиб тайинланади. Илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси инобатга олиниб, Рус комитетининг мухбир аъзоси этиб сайланади. В.Вяткин ўзининг археологик тадқиқотлари натижасида йиғилган буюмларни имконият даражасида Самарқанд музейида қолдиришга ҳаракат қилган. Чунки ўша вақт­да маҳаллий бошқарув томонидан илмий лойиҳалар қўллаб-қувватланмаган, марказдан келган турли илмий ташкилотлар ўз маблағларига ташкил этган археологик экспедициялар натижасида қўлга киритилган маданий бойликларни Россия империясининг турли музейларига олиб кети­шар эди. 1904 йил ёзида Афросиёб харобаларида олиб борилган қазиш ишлари натижасида лойдан, шишадан, темирдан ясалган буюмлар ва кошинлар топилади. Топилмаларнинг ярми император археология комиссияси талаби билан Эрмитажга олиб кетилган. Қолган ярми эса В.Вяткиннинг ҳаракатлари туфайли Самарқанд музейида қолдирилади. В.Вяткин 1908-1909 йилларда доимий йўлдоши самарқандлик олим Абу Саид Махсум кўмагида Улуғбек расадхонасининг ўрнини аниқлади. Рус археология жамияти 1910 йилда Улуғбек расадхонаси қолдиқларини топганлиги учун уни академик В.Розен номидаги олтин медаль билан, ҳамроҳи Абу Саид Махсумни эса Рус комитети 100 рубль билан мукофотлайди.

В.Вяткин 1923-1930 йилларда иккинчи марта Самарқанд музейига раҳбарлик қилган пайтлари­да илмий тадқиқот ишлари вилоят доирасидан чиқиб, республикага ёйилади. Жумладан, 1927-1929 йилларда унинг раҳбарлигида Термиз ва Хоразмга экспедициялар ташкил этилади. Экспе­дициялар натижасида кўплаб ноёб маданий бойликлар йиғилади. Эндиликда Самарқанд музейида йиғилган коллекциялар бутун республика ҳудудига дахлдор эди. Шу туфайли музей «вилоят музейи» даражасидан «рес­публика музейи» даражасига кўтарилади. Самарқанд музейи республика музейи мақомини олиб, «Ўзбекистон марказий давлат музейи» деб атала бошлайди.

В.Вяткиннинг ҳаётлигида йиғилган, турли даврларга оид мис ва кумуш тангалар, турли сопол идишлар бўлаклари ва гипсдан ишланган буюмлардан иборат 559 дона археологик ашё 1933 йилда Самар­қанд музейига топширилади, коллекциянинг бир қисми эса Эрмитажга юборилади. Унинг 190 томдан иборат қўлёзмалари Ўзбекистон давлат халқ кутубхонасига топширилади. Шу йилнинг ўзида мазкур кутубхона­нинг Шарқ қўлёзмалари бўлимига ўтказилади. Ушбу коллекциянинг дастлаб альфавитли рўйхати, кейинчалик ялпи рўйхати тузилади, унда ноёб қўлёзмалар мавжуд. ХVI аср, жумладан, шайбонийлар даври қўлёзмалари ва Ўрта Осиёда дарвешлар қўзғолонига доир адабиётлар анча тўла мужассамлашган эди. 700 га яқин суд ва нотариал характердаги ва самарқанд­лик қози Мулла Бек Муҳаммад Умарбийга мансуб бўлган (1588-1591 йиллар) ҳужжатларни ўз ичига олган ХVI аср тўплами айниқса, қимматли. 1943 йилда ушбу коллекция Абу Райҳон Беруний номидаги ЎзФА Шарқ­шунослик институтига топширилади.

Афсуски, В.Вяткин тадқиқотларининг кўпчилигини қоғозга туширмаган ёки нашр эттирмаган. ­Унинг вафотидан сўнг олимнинг шахсий архиви турмуш ўртоғининг розилиги билан 1936 йилда Термиздаги Сурхон­дарё давлат округ музейига олиб кетилади. Бироқ тегишли далолатномаларда шахсий архив рўйхати келтирилмаган. 1947 йил сентябрь ойида Ўзбек халқи маданияти республика музейи (ўша пайтда Самарқанд музейи шундай аталган) мудири М.Юсупов ташаббуси билан В.Вяткиннинг шахсий архиви Самарқанд музейига олиб келинади. Бу ерда ҳам архив рўйхати келтирилмаган. Шунинг учун олимнинг шахсий архивида қандай ҳужжатлар бўлганлигини тасаввур қилиш қийин. Ҳозирги вақтда Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида В.Вяткиннинг «Самарқанд меъморий ёдгорликлари», «Бухородаги Амир Исмоил мақбараси» асарлари қўлёзма нусхалари сақланади. Ушбу асарлар ва олимнинг археологик коллекцияси каталоги музей-қўриқхона ходимлари томонидан нашрга тайёрланмоқда.

Маҳмудхон Юнусов,

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.