Каттақўрғонда содир этилган жиноят Самарқанд вилояти прокурори ва ИИБ бошлиғи иштирокида муҳокама қилинди

8 март куни Каттақўрғон шаҳри “Оқ олтин” маҳалласида яшовчи Қ.Б. қайнотасиникига меҳмонга бориб, спиртли ичимлик истеъмол қилган ва  маст ҳолатда ўзаро келиб чиққан жанжал оқибатида қайнотаси ва унинг укасини ошхона пичоғи билан уриб, тан жароҳати етказган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Самарқанд вилояти прокурори Р.Машарипов, вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Раҳмонов, Каттақўрғон шаҳар ҳокими, секторлар ҳамда корхона-ташкилот раҳбарлари, жиноят содир этган фуқаро ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида ушбу жиноят муҳокама қилинди.

Дастлаб шаҳар ИИБ Тергов бўлими бошлиғи томонидан содир этилган нохуш ҳолат сабаблари ва унинг оқибатлари жамоатчиликка атрофлича етказилди.

Вилоят ИИБ бошлиғи ҳар бир фуқаро бундай салбий ҳолатларни содир бўлишига томошабин бўлиб эмас, балки уни олдини олишга ҳаракат қилиши, маҳаллада бўлаётган нохуш ҳолатларга барча масъулиятни ҳис этган ҳолда ёндашиши лозимлиги ҳақида фикр билдирди.

Муҳокамада ушбу жиноятни содир қилган шахс, унинг яқинлари ҳамда жабрланувчи тарафга ҳам сўз берилди.

Вилоят прокурори жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва кенг жамоатчилик вакиллари хонадонларга бориб, мавжуд ҳолатларни ўрганиш баробарида ҳуқуқбузарликларга имкон берадиган сабаб ҳамда шарт-шароитни ўрганиши, таҳлил қилиши зарурлиги ҳақида гапирди.

Муҳокама якунида шаҳар ҳудудида бу каби жиноятларни содир этилишига йўл қўймаслик юзасидан тегишли мутасаддиларгазарур чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.