Самарқанд вилоятида 17 152 та географик объектнинг 9547 таси давлат реестрига киритилган. Қолганлари-чи?
Таҳлилларга кўра, ҳудудларда географик объектларни номлаш ва қайта номлаш борасидаги масалалар билан тизимли равишда шуғулланилмаганлиги ҳамда Кадастр агентлиги билан ҳамкорлик тизимли равишда йўлга қўйилмаганлиги оқибатида ҳозирга қадар мавжуд географик объектларнинг номлари давлат реестрига тўлиқ киритилмаган.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, Самарқанд вилоятида 17 152 та географик объектнинг 9547 таси, яъни 55,7 фоизи давлат реестрига киритилган, холос. Худди шундай Фарғона вилоятида 13 775 тадан 7571 таси, Сирдарё вилоятида 7106 тадан 4209 таси, Тошкент вилоятида 13 880 тадан 9230 та географик объектлар давлат реестрига киритилган. Яъни, ҳозирга қадар ҳеч бир ҳудудда географик объектлар тўлиқ хатлови амалга оширилмаган, уларнинг номлари давлат экспертизасидан ўтказилмаган ва давлат реестрига киритиш учун Кадастр агентлиги билан ҳамкорликда охирига етказилмаган.
Биргина кўчалар мисолида Самарқанд вилояти таҳлил қилинганда 5602 та, яъни 46,8 фоиз кўчаларга ном берилган. Қолган кўча номлари давлат экспертизасидан ўтказилмаган ҳамда давлат реестрига киритилмаган.
Шунингдек, айрим географик объектлар бўйича ҳудудий ҳокимликларнинг маълумотномаларини давлат реестридаги маълумотлар билан солиштирганда ҳам тафовутлар аниқланди.
Самарқанд вилоятида ҳудуд маълумотида 12 та майдон бўлса, давлат реестрида битта ҳам йўқ, ҳудуд маълумотида 22 та истироҳат боғи бўлса, давлат реестрига 6 та, шунингдек, 9 та хиёбон, 52 та зиёратгоҳ, 1495 та қабристон давлат реестрига киритилмаган.
Юқоридаги камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан 2021 йил 13 февралда 12-01/294-сонли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган ва ижро учун тегишли ташкилотларга юборилган. Аниқланган камчиликларни олдини олиш мақсадида вилоятда бир қатор амалий ишлар бажарилган. Вилоятдаги шаҳар ва туманларда давлат реестрига киритилмаган географик объект номлари қайта хатловдан ўтказилмоқда. Аниқланган географик объектлар тегишли тартибда туман ва вилоят комиссияларидан ўтказиш ҳамда экспертиза хулосаларини олиш чоралари кўрилмоқда. Масалан, Нарпай туманида давлат реестрига киритилмаган 16 та аҳоли пункти, 96 та қабристон ва 2 та зиёратгоҳ номларини, Паст Дарғом туманида давлат реестрига киритилмаган 131 қабристон, 1 та майдон, 1 та истироҳат боғи, 15 та кўча номларини номлаш бўйича таклифлар географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича вилоят комиссиясига тақдим қилинган.
Вилоятдаги давлат реестрига киритилмаган географик объектларни тўлиқ реестрга киритиш ишларини якунлаш жорий йилнинг иккинчи чорагига белгиланган.
Хуршида Эрназарова.