Самарқанд вилоятида 2018 йилда жиноятлар 32 фоизга камайди
Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд вилоят "Матбуот уйи"да вилоятдаги суд идоралари томонидан 2018 йилда амалга оширилган ишларга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Унда жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раиси О.Ҳайитов қуйидаги маълумотларни берди:
- 2018 йилда Самарқанд вилоятида умумий жиноятлар сони 2017 йилга нисбатан 32,2 фоизга камайди. Жумладан, қасддан одам ўлдириш ва суиқасд қилиш 26,2 фоизга, қасддан баданга оғир шикаст етказиш 35,6 фоизга, номусга тегиш ёки суиқасд қилиш 24,9 фоизга, талончилик 67 фоизга, босқинчилик 26,7 фоизга, товламачилик 55,8 фоизга, ўғирлик 36,8 фоизга, безорилик 53 фоизга, одам савдоси 83,3 фоизга ва порахўрлик 54,6 фоизга камайгани бу юртимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ишлар, аҳолининг ҳуқуқий маданиятининг юксалаётганидан далолат.
Ўтган йилда жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят, туман ва шаҳар судлари томонидан 5324 нафар шахсга нисбатан 4261 та жиноят ишлари кўриб чиқилди. Шундан 3982 нафар шахсга нисбатан 3059 та ишлар бўйича айблов ва оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, 1342 нафар шахсларга нисбатан 1202 та жиноят ишлари тугатилган. 1179 та жиноят иши тарафларнинг ярашганликлари муносабати билан Жиноят кодексининг 661-моддасига асосан тугатилиб, 1323 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинган.
Шунингдек, 2142 та жиноят ишлари сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. Жиноят сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш масалалари юзасидан 2016 та хусусий ажримлар чиқарилиб, муҳокама қилиш учун тегишли корхона, муассаса ва ташкилотга юборилган.
Жиноят ишларини судда кўришда жамоатчиликни жалб қилган ҳолда, маҳалла, ёшлар иттифоқи, хотин-қизлар кенгаши вакилларини жамоат ҳимоячиси сифатида иштироки таъминланиб, маҳалла фуқаролар йиғинлари кафиллиги асосида 40 нафар шахсга, хотин-қизлар кенгаши кафиллиги асосида 10 нафар шахсга ва ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 52 нафар (жами 102 нафар) шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.