Самарқанд вилоятида боғча ёшидаги болаларнинг 64 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинди

Аҳолининг йилдан йилга ўсиши жойларда болалар боғчаларининг етишмаслигига сабаб бўлди. Кейинги йилларда мактабгача таълимга қамровни ошириш борасида давлат-хусусий шериклик механизми жорий этилиб, вилоятда қуввати 12 940 ўринли умумий лойиҳа қиймати 319,9 млрд. сўмлик жами 138 та битим имзоланди.

Бугун вилоятда 337 121 нафар боғча ёшидаги бола бўлиб, уларнинг 215 643 нафари, яъни 64 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинди. Айни пайтда вилоятда 2 487 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда. Шундан 696 таси давлат, 1790 таси нодавлат ва 1 та ташкилотга қарашли МТТлари мавжуд. Журналист ва блогерлар учун уюштирилган пресс-турда вилоятдаги айрим давлат ва нодавлат МТТлар фаолияти таништирилди.

Илк манзил Самарқанд тумани Янгиобод маҳалласидаги якка тартибдаги тадбиркор Равшан Ибрагимов томонидан очилган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти бўлди. “Звёздочка” номли ушбу оилавий боғчада 25 нафар бола тарбияланмоқда. Боғчадаги машғулотлар рус тилида олиб борилади. Бу ерда болажонлар учун ёзги бассейн, шахмат, шашка, инглиз тили ва мусиқа тўгараклари мавжуд. Тадбиркорнинг айтишига қараганда, йил охиригача болалар қамрови 50 нафарга етказилади.

Кейинги манзил Оқдарё туманидаги “Миллат хазинаси” номли давлат хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Ушбу боғча Пўлатдархон маҳалласида жойлашган бўлиб, 250 ўринга мўлжалланган.

- Бугун боғчамизда 218 нафар бола тарбияланмоқда, - деди мактабгача таълим ташкилоти директори Дилфуза Маърупова. – Боғчада рус ва инглиз тилида машғулотлар олиб борилади. Ўғил болалар учун бокс, қиз болалар учун гимнастика тўгараклари мавжуд.

60 сотих ерда жойлашган болалар боғчаси замонавий жиҳозланган бўлиб, болажонларнинг соғлом улғайишига етарлича шароитлар яратилган.

Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар Самарқанд шаҳридаги 27-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам бўлди. Боғчада гуллар байрами тадбири нишонланаётган экан. 

- Боғчамизда болажонлар учун радиостудия ташкил қилганмиз, - деди мактабгача таълим ташкилоти директори Моҳигул Каримова. – Бу нафақат болаларга, балки ота-оналарга ҳам ёқади. Ҳар куни ота-оналар бугун менинг фарзандим радиода гапирсин, деб илтимос қилишади. Ҳатто баъзи ота-оналар кетмай радиони эшитиб ўтиришади. Боғча радиоси болаларнинг нутқини ўстиришга ёрдам бермоқда, шунингдек, улар радиода чиқишни истаб шеърлар ёдлашяпти.

Боғча 2016 йилда очилган бўлиб, қамрови 260 ўринли бўлса-да, бугун бу ерда 300 нафар бола тарбияланмоқда.

Самарқанд шаҳридаги 48-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти жорий йилнинг апрель ойида очилган. Янги таъмирдан чиққан бинода болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар кўзни қувонтиради. 178 нафар бола тарбияланаётган боғчада таэквондо, гимнастика, инглиз тили, математика, хореография тўгараклари бор. Шунингдек, бу ерда аудиокутубхона мавжуд бўлиб, болажонларга турли эртак ва ҳикоялар эшиттирилади.

Бугунги кунда вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотларида 12 455 нафар педагог кадрлар фаолият юритмоқда. Уларнинг 34,7 фоизи олий, 65,3 фоизи ўрта махсус маълумотга эга. 2021 йил охиригача олий маълумотли педагог кадрлар улуши 42,2 фоизга етказилиши режалаштирилган. 

Хуршида Эрназарова,

Замира Болтаева.