Самарқанд вилоятининг ташқи савдо айланмаси

Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан саноат тузилмасини диверсификация қилишда, экспортни қўллаб қувватлаш, импорт ўрнини босувчи товар ва маҳсулотларни ишлаб чиқаришни янада ошириш натижасида экспорт таркибида сезиларли ўзгаришга эришилмоқда.

Шунингдек, қўшни давлатлар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, мамлакатларни ижтимоий-иқтисодий, савдо-саноат ҳамда маданий соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш борасида катта ишлар амалга оширилаётганини кўриш мумкин.

Хусусан, қўшни давлатлар Тожикистон ва Қирғиз Республикалари билан ташқи савдо айланмасида сўнгги йилларда катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Мисол учун, кейинги уч йилда вилоятнинг ташқи савдо айланмаси Тожикистон, Қирғиз Республикаси ва Туркманистон билан ошганлигини кузатиш мумкин.

Бошқа давлатлар (қўшни давлатлардан ташқари) билан эса ташқи савдо айланмасида энг юқори улуш Хитой, Россия, Туркия ва Япония давлатлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 30 та йирик ҳамкор давлатлар орасидан ўнта давлатда фаол ташқи савдо баланси кузатилган. Хусусан, Словения 21,4 миллион, Тожикистон 18,1 миллион, Литва 17,1 миллион, Венгрия 15,5 миллион, Қирғиз Республикаси 14,5 миллион АҚШ доллар шулар жумласидандир. Қолган 25 та йирик ҳамкор давлатлар билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолмоқда.

Мамлакатимизда ташқи савдони қўллаб-қувватлаш ҳамда МДҲ давлатлари билан ушбу соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида 2020 йил январь-август ойларида, вилоят ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши 35,6 фоизни ташкил этиб, ташқи савдо айланмасидаги улуши 2018 йилга нисбатан 3,9 фоизга ошган.

Бошқа хорижий давлатларнинг ташқи савдо айланмаси ҳам 2020 йил январь-август ойларида 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 22,9 фоизга камайган ва жами ташқи савдо айланмасидаги улуши 64,4 фоизни ташкил этган.

Жорий йилнинг январь-август ойларида вилоятнинг экспортёрлари сони 472 тани ташкил этиб, улар томонидан 192,8 миллион АҚШ доллари қийматига эга товар ва хизматлар экспорт қилиниши таъминланган.

Экспорт таркибида товарлар улуши 96,0 фоизни ташкил этиб, улар асосан озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар, материал турига қараб классификацияланган саноат маҳсулотлари, машиналар ва транспорт асбоб – ускуналари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Сўнгги уч йил ичида МДҲ мамлакатларига экспорт ҳажми ошди ва уларнинг жами экспортдаги улуши 2018 йил январь-августдаги 52,2 фоиздан 2020 йил январь-августида 61,3 фоизга етди. Мос равишда бошқа мамлакатларнинг жами экспортдаги улуши 38,7 фоизни ташкил этди.

Самарқанд вилояти статистика бошқармаси ахборот хизмати.