Самарқанд халқаро молия институтлари иштирокидаги яна бир йирик тадбирга мезбонлик қилади

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) вице-президенти Людгер Шукнехт билан учрашув ўтказди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Sh.M.Mirziyoyevning шу йилнинг январь ойида ОИИБ бош қароргоҳига ташрифидан сўнг сезиларли даражада фаоллашган ОИИБ ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ривожланиш динамикаси қайд этилди.

Маълумот учун: Ташриф якунлари бўйича 2024-2026 йилларда Ўзбекистон ва ОИИБ ўртасида умумий қиймати 2,5 миллиард долларлик қўшма лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ҳамкорлик дастури ҳамда ОИИБ Бошқарув кенгашининг Йиллик йиғилишини 2024 йил 25-26 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги Меморандум имзоланди.

Томонлар лойиҳаларнинг амалга оширилиши, шунингдек, 2024-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурига киритилган энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, соғлиқни сақлаш ва сув таъминоти соҳаларида янги ташаббусларни биргаликда ҳаётга татбиқ қилиш истиқболларини кўриб чиқдилар.

ОИИБ Бошқарувчилар Кенгашининг 2024 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган 9 йиллик йиғилишига тайёргарлик кўриш масалалари алоҳида муҳокама қилинди. Турли мамлакатларда роадшоу ва тақдимотлар ташкил этиш, тадбирнинг ташкилий ва мазмунига доир масалалари бўйича қўшма “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш режалаштирилди.

Учрашув якунлари бўйича ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, хусусан, молиявий ва техник кўмак ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирлар кўришга ўзаро тайёрлик билдирилди ва муҳокама қилинган лойиҳалар ва ташаббусларни ўз вақтида амалга ошириш доирасида келгусида фаол ҳамкорлик қилиш йўллари ишлаб чиқилди.