Самарқанд яна бир халқаро туризм форумига мезбонлик қилмоқда

"Ипак йўли" халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” мажмуасида “Ипак йўлида мулоқот” форуми ташкил этилди.
Унда Бутунжаҳон туризм ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашивили ва Жаҳон туризм алянси раиси Чжан Сёй, Ўзбекистон туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев ҳамда турли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Вилоят раҳбари “Ипак йўлида мулоқот” форуми туризм соҳасидаги имконият ва истиқболлар, муаммо ва ечимлар бўйича мулоқот қилиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Бизнинг умумий мақсадимиз туризмни нафақат иқтисодий манфаат келтирувчи, балки дунё халқларини яқинлаштирувчи, тинчлик ва барқарорликка хизмат қилувчи соҳага айлантириш, - деди Адиз Бобоев.
Форум қадимий Самарқанд шаҳрида ўтиши бежиз эмас. Охирги йилларда бу ерда туризмни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятга келаётган сайёҳлар сони ортди. Бу эса Самарқанднинг тинч ва саёҳат учун қулай шаҳар сифатида нуфузи янада ошишига хизмат қилмоқда.
Тадбирда туризм соҳаси истиқболлари, уни ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликда ишлаш масалалари юзасидан маърузалар қилинди.