Самарқандча палов қандай тайёрланади?

Бугун Самарқанд шаҳридаги театр майдонида ўтказилган палов ва нон сайлида томошабинлар бу таомлар тайёрланиш сирларидан воқиф бўлди.

Вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, туризмни ривожлантириш департаменти томонидан ташкил этилган тадбирда юз турга яқин Самарқанд нонлари намойиш қилинди. Бир нечта қозонда эса ўзбек миллий ошхонасининг шоҳ таоми – палов дамланди.

Фестивалда Самарқанднинг ўзига хос ташриф қоғозига айланган Самарқанд нонлари ва палов тайёрлаш жараёни, бу неъматлар билан боғлиқ анъана ва урф-одатлар намойиш этилди.

Вилоятдаги бадиий ва фольклор жамоаларнинг миллий куй-қўшиқлари, маросим ва қадриятлар акс этган дастурлари тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, хорижлик сайёҳлар ош тайёрлаш жараёнини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлганидан мамнунлигини изҳор этди.

– Дунёнинг кўп шаҳарларида бўлганман, лекин Самарқандга биринчи марта келишимданоқ бу қадимий ва гўзал шаҳар менг жуда ёқди, – дейди Американинг Нью-Йорк штатидан келган Марселла Хилл хоним. –Бугунги фестиваль ҳам ўзбек халқининг бой тарихи, маданиятидан далолат беради. Бизда ҳам паловга ўхшаш таом тайёрланади. Ўғлим уни махсус кўзага барча масаллиқларни солиб, печда пиширади. Ош фестивалида қатнашиб билдимки, ҳақиқий палов қозонда, умуман ўзгача усулда тайёрланар экан. Самарқанд ошининг таъми менга жуда манзур бўлди.

Фестиваль якунида Шаҳзод Жамшедов маҳоратли ошпаз деб топилиб, биринчи даражали диплом билан тақдирланди. Асад Бобоқулов иккинчи,  Шаҳбоз Жамшедов учинчи ўринни эгаллади.

Энг яхши новвой йўналишида Шокир Бобоқулов ғолиб бўлди. Кейинги ўринлар Нигина Ҳабибова ва Шаҳло Сиддиқовага насиб этди.