Самарқандда 10 минг нафар аёл скринингдан ўтказилади

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида Вирусология илмий-текшириш институти, Жанубий Кореянинг KOFIH фонди ҳамда республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан “Республика ҳудудларида одам папилломаси вирусини аҳоли ўртасида тарқалганлигини текшириш ва диагностикасини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ўтказиш масалалари” мавзусида тадбир ўтказилди.

Анжуманда соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жанубий Кореянинг KOFIH фонди вакиллари, шифокорлар қатнашди.

ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё миқёсида 604 мингдан ортиқ аёлда бачадон бўйни саратони биринчи бор қайд этилади, шулардан 342 мингтаси ушбу касаллик оқибатида вафот этади.

Таъкидланишича, жаҳонда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда турадиган ва энг кенг тарқалган саратон хасталиги ҳисобланади. Касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон саратони туфайли ўлимдан кейин учинчи ўринда ва туғиш ёшидаги аёллар орасида иккинчи ўринда туради.

Globocan маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 1863 нафар аёлда бачадон бўйни саратони аниқланиб, уларнинг 42 фоиздан ортиғи вафот этади. Ушбу ўлимларнинг аксарияти ташхисни кеч қўйиш натижасида рўй беради. Бачадон бўйни саратони касаллигини келтириб чиқарувчи сабабларнинг асосийси (98-99 фоизи) одам папиллома вируси (ОПВ) ҳисобланади.

Бачадон бўйни саратони ҳар қандай ёшдаги аёлларда учрайдиган хавфли ва кенг тарқалган касалликдир. Касалликнинг авж олиши 45-55 ёшга тўғри келади. Бачадон бўйни саратони тўлиқ олдини олиш мумкин бўлган ягона саратондир. У аста-секин ривожланади.

Анжуманда таъкидланишича, эпидемиологик вазият мониторингини олиб бориш мақсадида Вирусология ИТИ ва Жанубий Кореянинг KOFIH фонди билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Андижон вилояти аёллари ўртасида одам папиллома вирусини аниқлаш ва бачадон бўйни саратони касаллиги диагностикаси бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳага кўра, Самарқанд вилоятида 10 минг нафар аёл скринингдан ўтказилади. Лойиҳа 2023 йилнинг декабрь ойига қадар давом этади.

Вилоят бўйича аёллар Самарқанд шаҳридаги бешта поликлиникада бепул скринингдан ўтказилади. Скрининг текшируви учун замонавий тиббий асбоб-ускуналар келтирилган.

Хуршида Эрназарова.