Самарқандда 10 ойда 6084 нафар фуқаро ҳайвонлардан жароҳат олган

Самарқанд вилоятида 2019 йилнинг ўтган 10 ойида ўта хавфли юқумли касалликлар тоифасига кирувчи 3 та ҳолатда қутуриш касаллиги қайд этилган. Бу ҳақда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказида ташкил этилган пресс-турда марказ директори Ҳайрулла Боймуродов маълум қилди.

Жорий йилнинг 10 ойида ҳайвонлардан жароҳат олиб тиббий ёрдамга 6084 та фуқаро мурожаат этган. Ўтган йилга нисбатан жароҳат олганлар сони 1834 тага (43 фоизга) кўпайган. Жароҳат олганларнинг 168 таси (2,8 фоизи) сичқон ва каламушлардан, 12 таси (0,2 фоизи) ёввойи ҳайвонлардан (тулки, чиябўрилар), қолган 5904 таси (97 фоизи) ит ва мушуклардан (асосан итлардан) жароҳат олишган.

Жароҳат олганларнинг 22 фоизини ноъмалум ҳайвонлардан жароҳат олганлар ташкил этган бўлса, 78 фоиз ҳолларда жароҳатлар эгаси маълум ҳайвонлар томонидан етказилган.

Маълумот учун айтиб ўтиш жоиз, 2018 йилда Самарқандда 2 та ҳолатда қутуриш касаллиги қайд этилган.