Самарқандда 107 нафар қарздор ота алимент тўламагани учун жиноий жавобгарликка тортилди

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан  алимент тўловларини ундириш ва оилаларни яраштириш юзасидан 2021 йилда амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжуманида шу ва бошқа маълумотлар берилди.

Таъкидланишича, бугунги кунда МИБнинг вилоятдаги туман ва шаҳар бўлимлари иш юритувида алимент ундируви билан боғлиқ 32 минг 391 та ижро ҳужжати мавжуд. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 1 мартдаги фармони асосида вояга етмаганларнинг алимент пулларини ҳисоблаш ва тўлаш устидан автоматлаштирилган назорат тизими йўлга қўйилиши натижасида ушбу ишлар бўйича 24 минг 662 нафар ундирувчи номига шахсий банк пластик карталари очиш бўйича электрон сўровномалар юборилган. Йил якунига қадар 21 минг 200 та пластик карта очилиб, эгаларига етказилган.

– 2021 йил давомида алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича амалга оширилган мажбурий ижро тадбирлари натижасида алимент тўловчи қарздорлардан 53,1 миллиард сўмдан ортиқ алимент пуллари ундириб берилди, – дейди МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси бўлим инспектори Мақсуд Мамасолиев. – Маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик суҳбатлар ва чора-тадбирлар натижасида 6169 та оила яраштирилди. Ишсиз, ёрдамга муҳтож, оғир аҳволга тушиб қолган алимент тўловчи қарздорларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, маҳаллий ҳокимликлар, сектор раҳбарлари, бандлик ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда уларнинг 4914 нафари ишга жойлаштирилиб, алимент ундирувлари уларнинг иш ҳақларининг маълум миқдорига қаратилди.

Шу билан бир қаторда, алимент тўловларини тўлашдан мунтазам бўйин товлаб келган жами 747 нафар қарздор тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди.

Анжуманда алимент тўловчиларнинг масъулиятини ошириш, улар сонини камайтириш учун қилинаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Масалан, алимент пулини камроқ тўлаш учун баъзи оталар молиявий аҳволи яхши бўлса-да, бирор корхонада оддий ишчи сифатида рўйхатдан ўтиб, фарзандлари учун анча кам миқдорда пул тўлаётгани, баъзилари эса узоқ йиллаб алимент тўлашдан қочиб келаётгани ҳолатлари ҳам айтиб ўтилди. Ёш оилалар характеримиз тўғри келмади, дея беш-олти ой ичида ажрашиб кетаётгани, кейинчалик хатосини тан олиб, ярашиб кетиш ҳолатлари ҳам мавжудлиги муаммо сифатида таъкидланди. Шунингдек, ўтган йиллар давомида алимент пули 150 миллион сўмгача бўлиб кетган фуқаролар томонидан бу пуллар фарзандлар учун ундириб берилган ҳолатлар бўлган.