Самарқандда 1300 долларга “опий” сотаётган аёл қўлга олинди
Жорий йилнинг 13 ноябрь куни соат 21:30да Самарқанд шаҳар Амир Темур ва Буюк ипак йўли кўчалари кесишмасида жойлашган “Лион Моторс” автосавдо мажмуаси ёнида Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ ҳамда Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ЖҚБ тезкор ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, харидор сифатида жалб қилинган “Ўткир” исмли шахсга 33 ёшли М.М. исмли аёлдан вазни тахминан 137 грамм бўлган “опий” гиёҳвандлик воситасига ўхшаш моддани 1300 АҚШ доллари эвазига сотаётган вақтида ушланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.
Тезкор тадбир давомида фуқаро М.М.нинг ёни кўздан кечирилганда, тадбирда ишлатилган 1.300 АҚШ доллари ва 2 дона полиэтилен пакетга ўралган “опий” гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда далилий ашё сифатида олинди. Шундан сўнг фуқаро М.М. ўзининг ихтиёри билан бошқа ноқонуний воситалар яшаш хонадонида ва ўзининг ёнида бўлса, топширилиши сўралганда, у ўзининг вақтинчалик яшаш хонадонида жойлашган оқ полиэтилен целлофанга ўралган оғирлиги тахминан 101 грамм ва бир дона электрон тарози, жами 238 грамм “опий” гиёҳвандлик воситаси холислар иштирокида олиниб, ҳужжатлаштириб олинган.
Самарқанд вилояти ИИБ ЭКБнинг 14 ноябрдаги маълумотномасига кўра, тадбир вақтида ҳужжатлаштириб олинган жигар рангли, ёпишқоқсимон 238 грамм гиёҳванд моддаси “опий” гиёҳванд моддаси турига киришлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда олинган далилий ашёни манбасини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Бу ҳақда ИИВ ЖҚББ гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бошқармаси хабар берди.