Самарқандда 2021 йилда қурилиш учун 2020 йилдагидан 2,6 баробар кўп маблағ ажратилди

Бу ҳақда вилоят молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ю.Бобоназаров иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Таъкидланишича, вилоятда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишни изчил давом эттириш орқали ҳудудларнинг йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш ва шу асосда аҳолининг фаровонлиги ҳамда турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида Президентнинг “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ҳамда 2021-2023 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришга оид, шунингдек, Самарқанд шаҳрида туризмни ривожлантириш бўйича қарорларига кўра, вилоят ҳудудидаги 853 та объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Бу мақсадлар учун 2 триллион 230 миллиард сўм маблағ ажратилди. 2020 йилда эса вилоятда 155 та объектлар қурилган ва бунинг учун 861,6 миллиард сўм маблағ берилган. Яъни, бу йил 2020 йилдагидан 2,6 баробар кўп маблағ йўналтирилди.
Жумладан, ижтимоий соҳа инфратузилмасини яхшилаш доирасида 443,3 млрд. сўм маблағ ажратилди ва натижада 95 та қишлоқ ва маҳаллада 31 та боғча, 65 та мактаб, 26 та тиббиёт муассасаси қурилди ва таъмирланди.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 28 та қишлоқ ва 4 та маҳаллада 298,5 миллиард сўмлик қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
78 та ижтимоий соҳа объектларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун жами 129,7 миллиард сўм маблағ ажратилди.