Самарқандда 517 ҳолатда 145 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган
Бу ҳақда Кадастр агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Фозил Худойқулов Zarnews.uz’га маълумот берди. Ушбу ҳолат вилоятда жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида ер муносабатлари билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган.
– Ерларни ноқонуний эгаллаб олиш ёки ер билан боғлиқ коррупцион ҳолатларга қарши жиддий курашилаётган, бунинг сабаб ва оқибатлари юзасидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилаётган бўлишига қарамай, ҳали-ҳануз қонунга зид ҳолатлар қайд этилмоқда, – дейди Ф.Худойқулов. – Биргина жорий йилнинг олти ойида Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан ўтказилган ўрганишларда 517 гектар ер майдонлари, жумладан, 265 ҳолатда 123 гектар ер уй-жой қуриш мақсадида ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди. Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 517 та огоҳлантириш хатлари юборилди. Натижада 181 ҳолатда 36 гектар ер ихтиёрий равишда қайтарилди.
Белгиланган муддатларда ихтиёрий қайтарилмаган 46 гектар ер бўйича фуқаролик судларига мурожаат қилиниб, ноқонуний қурилмаларни буздириш ва ер майдонларини асл ҳолатига келтириш юзасидан даъво аризалар киритилди. Шунингдек, 82 ҳолатда 11,1 гектар майдондаги қонунбузилишлар тўғрисида прокуратура органларига маълумотлар тақдим этилди.