Самарқандда 5,5 минг гектардан ортиқ ер майдонида ёмғирлатиб суғориш технологияси ўрнатилади
2023 йил вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг 5727 гектар суғориладиган ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш режалаштирилган бўлиб, жорий йил вилоятда 394 гектар ғалла майдонида ана шу технология ишга туширилди.
Бу ҳақда вилоят Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан Пайариқ ва Нарпай туманларида соҳада амалга оширилаётган ўзгаришларга бағишланган пресс-турда маълумот берилди.
- Туманда 961 гектар бошоқли дон экинлари майдонида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш режалаштирилган, - дейди Пайариқ туман ирригация бўлим бошлиғи Зиёвуддин Жозилов. – Ҳозирги кунда 30 гектар ғалла майдонида пудрат шартномалари расмийлаштирилиб, ёмғирлатиб суғориш қурилмаларини ўрнатиш ишлари бошланди. Жумладан, туманнинг Халқобод маҳалласидаги “Мусабек чорва комплекси” МЧЖга қарашли 4 гектар ғалла майдонида ёмғирлатиб суғориш технологияси тўлиқ ишга туширилди. Ушбу технологиянинг афзаллиги шундаки, ғалладан 100 центнергача ҳосил олиш ва 40 фоизгача сув сарфини тежаш мумкин. Шунингдек, ғаллани тўғридан-тўғри суғориш қудуғига улаб ишлатиш ва ҳосилни кимёвий усуллар билан парваришлаш учун қулайлик яратади.
Жорий йил бошида суғориладиган ерларда сув билан таъминланганлик даражасини ошириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ҳудудда кафолатли сув таъминотини ташкил этиш мақсадида Нарпай туманидаги ирригация ва мелиорация объектлари, 8 та насос станцияси давлат-хусусий шериклик шартлари асосида “Мароқандсифат” МЧЖ кластер ташкилоти бошқарувига берилган.
- Насос станциялари эскирганлиги сабабли сув етказиб беришда муаммолар юзага келарди, - дейди Нарпай туман ирригация бўлим бошлиғи Анвар Раҳимов. – Ирригация тизими кластер бошқарувига ўтгач, Хитойдан яна 3 дона насос агрегати олиб келинди. Ушбу қурилманинг афзаллиги ўзимиздаги ҳар бир агрегат секундига 1500 куб сув чиқариб берса, Хитой технологияси секундига 2000-2200 куб сув етказиб бериш қувватига эга. Олдин хўжаликларда ҳосилдорлик 30 центнер бўлган бўлса, жорий йил бу кўрсаткич 37-40 центнерга етди. Ҳозирги кунда туманда 3 та насос станцияси ишлаяпти ва 57 та фермер хўжалигидаги 8605 гектар пахта ва ғалла майдонлариига сув етказиб берилмоқда.
Фазлиддин Рўзибоев.