Самарқандда 69 та қизил тоифали мактаблар бор

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан журналист ва блогерлар учун Тойлоқ туманидаги мактабларга пресс-тур ташкил қилинди.

Тадбир қизил ва яшил тоифадаги мактаблар фаолияти билан танишиш, ютуқ ва камчиликларни муҳокама қилишга бағишланди.

Дастлаб тумандаги 51-умумий ўрта таълим мактаби фаолияти билан танишилди. Мактабга жорий йилда 240 ўринли қўшимча бино қуриб берилган. Аммо мактаб ўтган йилги кўрсаткичлар бўйича қизил тоифадаги мактаблар қаторига тушиб қолган.

Ўқитувчиларнинг қўнимсизлиги туфайли мактабимиз қизил тоифага тушиб қолди, - дейди мактаб директори Шаҳло Эшонқулова. – Ўтган ўқув йилида 18 нафар битирувчимиздан 2 нафари давлат, 3 нафари хусусий олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Бу йилги битирувчиларимизнинг 50 фоизи миллий ва халқаро даражадаги сертификатларни қўлга киритди. Шунингдек, мактабимизда 28 нафар педагог бўлиб, улардан олий тоифали ўқитувчиларимиз сони 5 нафар, 1-тоифали ўқитувчиларимиз сони 10 нафарга етди. Насиб бўлса бу йил қизил тоифадаги мактаблар қаторидан чиқамиз.

Пресс-турда тумандаги яшил мактаб тоифасига кирувчи 21-умумий ўрта таълим мактаби фаолияти билан ҳам танишилди. 1909 нафар ўқувчи таҳсил оладиган ушбу мактаб туманда ўз кўрсаткичлари билан юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Масалан, 2023-2024 ўқув йилида 59 нафар битирувчидан 42 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.

- Бу йил мактабни 72 нафар ўқувчи битиради, - дейди директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Сайфуллохон Темирхонов. – Улардан 30 нафарида миллий ва халқаро даражадаги сертификатлар бор. Янаям қувонарлиси, шу йилги битирувчиларимиздан 3 нафари Америка Қўшма Штатлари олий таълим муассасаларига грант асосида ўқишга кирди. Шунингдек, 8 нафар инглиз тили, 9 нафар рус тили, 3 нафар информатика фани ўқитувчиларида ҳам ўз фани бўйича сертификатлари бўлиб, 13 миллион сўмгача маош олади.

Бундан ташқари, мактаб ўқувчилари турли танловларда, фан олимпиадаларида ҳам фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда.

Тадбирда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов журналист ва блогерларга “Қизил ва яшил мактаблар: камчилик ва ютуқлар” мавзусида тақдимот ўтказди.

Тақдимотда соҳада йиғилиб қолган муаммо ва камчиликлар рўйи-рост айтилди. Қизил мактаб тоифасидан чиқмаётган таълим даргоҳлари муҳокама қилинди. Масалан, 2022 йилда қизил тоифали мактаблар сони 82 та бўлса, 2023 йилда ҳам ушбу рақам ўзгармаган. 2024 йилда қизил тоифали мактаблар сони 69 тани ташкил қилган.

Шунингдек, 2024 йилда вилоятда 26 та мактаб битирувчилари умуман олий таълим муассасаларига ўқишга киролмаган.

Бундан ташқари, 2022 йилда 87 нафар, 2023 йилда 55 нафар, 2024 йилда 43 нафар ўқувчилар олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонида 56,7 баллдан паст балл тўплаган.  

- Бу тизимда камчиликлар билан бирга ютуқларимиз ҳам бор, - деди бошқарма бошлиғи Музаффар Ҳамдамов. – Аммо яхши натижаларни туман раҳбарлари кўрсатиб беролмаган. Масалан, Қўшработ туманининг оғир аҳволдаги олис мактабларида бўлдим. У ерда қилинган ишлар бизгача етиб келмаган. Масалан, олис мактабларга бошқа вилоятлардан ўқитувчилар жалб этилган. Ҳомийлар томонидан мактаб биноси капитал таъмирлаб берилган.

Тақдимотда бошқарма бошлиғи мактабларни қандай қилиб қизил ҳудуддан чиқариш чора-тадбирлари ҳақида тўхталди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.