Самарқандда 75,5 минг гектардан зиёд ерга чигит экиш режалаштирилган. 168 та ер тайёрлаш ва экиш отрядлари карантин талабларига амал қилган ҳолда ишламоқда
Об-ҳаво ҳароратининг бироз пасайиши, кутилмаганда ёққан қор самарқандлик деҳқонларнинг азму-шижоатини сўндира олмади. Вилоятдаги кластер корхоналари, фермер хўжаликлари ишчи-ходимлари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларида баҳорги агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш ишларини қизғин давом эттирмоқда. Улар карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда чигит экиш ишларини уюшқоқлик билан олиб боришмоқда.
Жумладан, жорий қишлоқ хўжалик мавсумида самарқандлик деҳқонлар 75 минг 580 гектар ер майдонига чигитнинг “Бухоро-102”, “С 82-86”, “Омад”, “Султон”, “Порлоқ-1” сингари маҳаллий иқлим шароитига мос, эртапишар навларини экишни режалаштирган.
Ана шу мақсадда 168 та ер тайёрлаш ва экиш отрядлари ташкил этилди. Ушбу отрядларга 2 минг 97 та ер тайёрлаш техникалари, 11 минг 38 дона тишли борона, 153 дона ер текислагич ва 1 минг 40 та чигит экиш сеялкаси бириктирилган.
- Бундан ташқари, чигит экиш мавсумида минерал ўғит ташиш учун 879 дона ва ёқилғи мойлаш материалларини етказиб берадиган 116 та кўчма агрегатлар иштирок этиши режалаштирилган, - деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.Каримов. - Чигит экиш мавсумини қисқа муддатда ва сифатли ўтказиш мақсадида 5 минг 600 тонна уруғлик чигит кимёвий воситалар билан дориланган ҳолда тайёрланди. Шунингдек, пахта тўқимачилик кластерлари ва кооперациялар томонидан 77 та чигит тарқатиш шохобчалари мавсумга шай ҳолатга келтирилди.
2020 йил ҳосили учун пухта замин ҳозирлаш борасида 915 та чигит ивитиш хандақлари, 966 та тагликлар, 304 та махсус идишлар, 124 та тарози ва бошқа зарурий жиҳозлар билан таъминланган.
Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан баҳорги агротехник тадбирларга тайёргарлик ишлари, мавсум давомида иштирок этадиган барча турдаги қишлоқ хўжалиги техника воситаларининг техник ҳолати кўздан кечирилиб, тегишли сертификатлар берилган.
Вилоятда 2020 йил пахта ҳосили учун 44 минг 144 гектар ер майдони чигит экишга тайёрланган бўлиб, бир кунда ўртача 2 минг гектардан ортиқ ер сифатли тарзда чигит экишга ҳозирлаб бориляпти.
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.