Самарқандда 90 та объектда 91 миллиард сўмлик ишлар пайсалга солиняпти. “Ўзсувтаъминот” АЖ бу ҳолатни нега жим кузатмоқда?

Дастурдаги сув объектлари тизим фаолияти ва одамлар турмуш тарзи яхшиланишида муҳим аҳамият касб этишини мутасаддиларга ким тушунтиради?

Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 125 та объектларда 504,8 километр узунликдаги тармоқлар ва 71 та иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Бу ишларини амалга ошириш учун республика бюджетидан 130,8 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган.

Қарор ижроси бўйича “Ўзсувтаъминот” АЖнинг “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” УК буюртмачи, “Sayin suv inshootlari” МЧЖ қўшма корхонаси бош пудрат ташкилоти, “Ўзбеккоммуналлойиҳақурилиш” УК бош лойиҳа ташкилоти этиб белгиланган.

Жорий йил 3 май куни буюртмачи “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиш бўйича инжиниринг компанияси” УК вилоят ҳудудий бошқармаси билан бош пудрат ташкилоти “Sayin suv inshootlari” МЧЖ ўртасида 42,3 миллиард сўмлик пудрат шартномаси имзоланган ва аванс маблағлари молиялаштирилган. Бироқ объектларда қурилиш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган.

Умуман, дастурдаги 90 та объектда 91 миллиард сўмлик (шундан Самарқанд шаҳрида 46,4 миллиард сўмлик 61 та объект) 292,8 километр узунликдаги тармоқлар ва 37 та иншоот қуриш ва реконструкция қилиш ишлари ҳануз бошланмаган.

Ваҳоланки, буюртмачи ва бош пудрат ташкилоти “Ўзсувтаъминот” АЖнинг тизимида эканлигини ҳисобга олсак, қурилиш ишларини жадаллаштириш имкони мавжуд. Аммо бош пудрат ташкилоти томонидан субпудрат ташкилоти сифатида жалб қилинганларда объектларнинг умумий қийматидан 4 фоизгача бош пудратчилик ҳаққи ундирилаётган бўлса-да, қурилиш ишларини жадаллаштириш бўйича ҳеч қандай амалий ишлар бажарилмаяпти.

Юзага келган ҳолатни бартараф этиш бўйича бош пудрат ташкилотининг вилоятдаги масъул ходими томонидан назорат йўқ, қурилиш ишларини жадаллаштириш ва жойларда тўғри ташкил қилиш бўйича салоҳият етарли эмас. Бундан ташқари, бош пудрат ташкилоти томонидан бугунги кунга қадар вилоятга бириктирилган ходим 5 марта алмаштирилган бўлса-да, улар соҳага кира олмаяпти ва оқибатда қурилиш ишлари график асосида бажарилиши оқсамоқда.

Шунингдек, бош лойиҳачи томонидан фақатгина “Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла” дастури доирасида 35 та объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга кам сонли ишчи кучи жалб қилинганлиги сабабли сусткашликлар келиб чиқмоқда. Бундан ташқари, вилоятда салоҳиятли лойиҳа институтлари мавжудлиги ва сублойиҳачи сифатида ёллаш имконияти мавжуд бўла туриб, ушбу ишлар ҳам пайсалга солинмоқда.

Қолаверса, объектларни лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларида сусткашликка йўл қўйилаётганлиги сабабли барча сув объектлари қурилиши режалаштирилган йўлларга асфальт ётқизиш ишлари кечикмоқда. Оқибатда ушбу объектларни белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш хавфи юзага келмоқда.

Энг ёмони ушбу ҳолатлар аҳоли норозилигини келтириб чиқариш билан бир қаторда ҳаёт тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, “Ўзсувтаъминот” АЖга Кенгаш сўрови чиқариладиган бўлди.