Самарқандда аҳолини электрон тарзда рўйхатга олишга тайёргарлик кўрилмоқда

Ҳозиргача ҳудудларда маҳаллалар ва қишлоқ аҳоли пунктлари бўйича хариталар ҳамда схематик режалар кадастр бўлимлари ҳамкорлигида шакллантирилган. Шу тарзда 2262 та маҳалла ва қишлоқ аҳоли пунктлари хариталари тўлиқ ўрганиб чиқилган ва асосий база яратилган.
Бу ҳақда вилоят статистика бошқармаси бошлиғи Дилшод Мусинов zarnews.uz`га маълум қилди.
Аҳолини рўйхатга олиш ва интернетда махсус база яратиш ҳукумат режаси асосида амалга оширилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинган. Мазкур ҳужжатга кўра, интернет орқали аҳолини рўйхатга олиш учун махсус ахборот тизими ишлаб чиқилган.
Вилоят бўйича ҳозиргача бу тизим орқали 823 нафар фуқаро ўз хоҳишига кўра рўйхатдан ўтган. Шунингдек, синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбирида белгиланган тўртта ҳудудда 175 нафар уй жой рўйхатини тузувчи (регистратор)лар, 100 нафар рўйхатга олиш участка ходимлари, 254 нафар инструкторлар, 1531 нафар рўйхатга олувчилар, 96 нафар бирламчи маълумотларни электрон базага киритиш марказининг гуруҳ бошлиғи ва операторлари, жами 2156 нафар фуқаролик шартномалари асосида ёлланган ёлланма ишчи ходимлар жалб этилган.