Самарқандда балиқнинг бир килограми неча сўм?
Банк айланмалари таҳлилига кўра, бу нарх ўртача 3810 сўмни ташкил қилган. Энг арзон балиқ Булунғур туманида – 987 сўмдан. Нега?
Вилоят ҳокимлигида ўтказилган ҳокимлик соатида балиқ етиштириш борасидаги мавжуд аҳвол атрофлича таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, бугунги кунда 1718 гектарда балиқ боқиш ҳавзалари ташкил этилган.
Шундан, 1381 гектар сунъий сув ҳавзалари, 82 гектар чавоқ етиштириш майдони, 315 гектар ярим интенсив, 17 гектар интенсив ҳавзалар ва 5 та ёпиқ сув айланма тизимлари мавжуд.
Шунингдек, 9 та сув омборларда 7 минг 987 гектар табиий сув ҳавзаларида балиқ етиштирилмоқда.
2019 йилда балиқ етиштириш режаси 20 минг тонна қилиб белгиланган. Бироқ амалда 8,8 минг тонна (44 фоиз) балиқ етиштирилган.
Етиштирилган балиқ маҳсулотининг бир килограми учун ўртача 10 минг сўм ҳисобида 87,6 миллиард сўм маблағ туширилиши керак эди. Ҳақиқатда эса 33,4 миллиард сўм маблағ банк ҳисоб рақамларига кирим қилинган. Шунга кўра, бир килограмм балиқ учун ўртача нарх 3810 сўмни ташкил қилган.
Жумладан, Булунғурда 987 сўм, Каттақўрғонда 1679 сўм, Нарпайда 1185 сўм, Оқдарёда 1950 сўм, Тойлоқда 1572 сўм ва Ургутда 1072 сўмни ташкил қилиб, сотилган балиқ маҳсулотлари банк ҳисоб рақамларига кирим қилинмаган.
160 та хўжаликларда умуман банк ҳисоб рақамларига маблағлар кирим қилинмаган. Жумладан, Пайариқда 36 та, Иштихонда 30 та, Паст Дарғомда 24 та, Каттақўрғонда 14 та, Булунғурда 13 та ва Оқдарёда 11 та хўжаликларда 2019 йилда банк орқали пул маблағлари айланиши таъминланмаган.